Мамлакатда дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборот
12.
10. 2019
21:29
5755
News

2019 йил 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Сенати Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мамлакатда дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Давлат экология қўмитаси раисининг ҳисоботида таъкидланганидек, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ 2019 йил 9 ойи давомида республика бўйича дарахтларни кесиш юзасидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш ҳудудий органларига ҳулоса бериш учун жами 143 минг 560 та дарахт бўйича 4 минг 909 та мурожаат келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида:

- 1 минг 892 та мурожаат яъни 40 минг 992 туп дарахтларни кесиш рад этилган (28,6%),

- 1 минг 453 та мурожаат бўйича 39 минг туп ёки 27,2% дарахт ва буталар қуриганлиги ёки касалланганлиги сабабли кесиш ҳамда

- 1 минг 564 та мурожаатда 63 минг 561 туп ёки 44,2% дарахтлар қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш мақсадида кесиш юзасидан ҳулосалар берилган.

Ўсимлик дунёсидан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини амалга ошириш борасида жорий йилнинг 9 ой давомида республика бўйича дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесиш бўйича 3 минг 274 та (2018 йил 9 ой давомида 2 минг 841 та) ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган ва 1,2 млрд. сўм жарима белгиланган бўлиб (2018 йил 9 ой давомида 386,6 млн. сўм), шундан 871 млн. сўм жарима ундирилган.

1 минг 923 та (2018 йил 9 ой давомида 1 минг 806 та) ҳолат бўйича 4 минг 984 дона дарахт ва буталар ва 326 метр куб. саксовул ноқонуний кесилган ва ўсимлик дунёсига етказилган зарар 4,2 млрд. сўмни ташкил этган (2018 йил 9 ой давомида 4,4 млрлд. сўм). Шундан 1 минг 497 та маъмурий иш юзасидан 1,6 млрд. сўм ундирилган.

Жарима ва зарарни ундириш ҳамда тегишли чора қўллаш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан расмийлаштирилган 300 дан ортиқ маъмурий ҳамда жиноий иш ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорига мувофиқ дарахтларни хатловдан ўтказиш кўзда тутилган эди. Хатлов натижаларига кўра республикамиз бўйича 85 млн.га яқин дарахтлар қайд қилиниб, шундан 3,5 млн. туп дарахтлар электрон базага киритилган. Хатловдан ўтказилган дарахт натижалари электрон базага киритиш ишлари давом этмоқда.

Ҳисобот давомида Давлат экология қўмитаси раиси сенаторларнинг эътиборини бугунги кунда ОАВ вакиллари ҳамда фуқаролар томонидан дарахтларни кесиш билан боғлиқ фикрлари юзасидан қатор масалаларга қаратди. Хусусан:

биринчидан, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда айрим турдаги ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланишнинг рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди. Муҳокама натижасида лойиҳа бўйича бирорта ҳам таклиф келиб тушмади.

Ушбу лойиҳа асосида 2019 йил 17 январда Ҳукуматнинг 43-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан тасдиқланган Низомда давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш ва парвариш қилиш, дарахтларни хатловдан ўтказиш, кесиш ёки санитария мақсадида кесиш тартиби белгилаб берилди;

иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисида намунавий низомнинг 5-бандига мувофиқ умумий фойдаланиладиган зоналарда яшил дов-дарахтларни парвариш қилиш ободонлаштириш бошқармаларининг асосий функцияси этиб белгиланган.

Бу функция бир неча сабабларга кўра, хусусан малакали мутахассисларнинг етишмаслиги ҳамда моддий-техник базанинг етарли эмаслиги туфайли тўлақонли бажарилмаган.

Шу билан бирга, ҳисоботда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилиши билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар алоҳида қайд этиб ўтилди.

Биринчидан. Мавжуд жарима суммалари ва зарар миқдори етарлича таъсирчан профилактик аҳамиятга эга эмас. Бундан ташқари, жиноий жавобгарликка тортиш учун дарахтларнинг ноқонуний кесилиши натижасида табиатга етказилган зарар энг кам ойлик иш ҳаққининг 300 баробаридан ошиши керак.

Шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш қонунбузарликлари учун кесиш воситалари ҳамда ҳуқуқбузарлик қуроли бўлган транспорт воситаларини конфискация қилиш амалиёти мавжуд эмас.

Иккинчидан. Бино ва иншоотлар, коммуникацияларни қурилиш ва реконструкция қилиш жараёнларида дарахтларни сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирлар тизими мавжуд эмас. Яъни ер ажратиш ва лойиҳалаштириш жараёнларида дарахтларни сақлаб қолиш масалалари инобатга олинмайди.

Учинчидан. Дарахтларнинг кесилиш жараёнида жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмлари мавжуд эмас.

Ваколатли органлар, яъни ҳокимликлар томонидан берилган рухсатномлар реестри юритилмаган, ўз ўрнида расмий веб-сайтларида жойлаштирилмаган.

Тўртинчидан. Дарахтларни кесиш, уларга шакл бериш ишлари зарур малакага эга бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилган. Бу борада зарур малакага эга мутахассислар: дендролог, фитопатолог, арбористлар етишмайди.

Бешинчидан. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни парваришлаш ва муҳофаза қилиш бўйича масъуллар аниқ белгиланмаган.

Олтинчидан. Дарахтларни кесиш, буталаш, шакл бериш услубиётлари аниқ эмас.

Мазкур масалаларни бартараф этиш ҳамда ушбу масала бўйича қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни сақлаб қолиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги ҳамда баён этилган муаммоларнинг ечими бўйича чоралар белгиланганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимиятининг кўтарилган масала юзасидан ҳисоботи тингланди.

Тадбир давомида сенаторлар томонидан кесилган дарахтлар ўрнининг тикланиши билан боғлиқ саволлар юзасидан республика бўйича 2018 йил баҳор мавусмида 147 млн. дона ва куз мавсумида 5,7 млн. дона, 2019 йил баҳор мавсумида 152 млн. дона кўчат ва қаламчалар экилганлиги ҳамда бу йил куз мавсумида 14 млн. дона ва 2020 йил баҳор мавсумида 203 млн. дона манзарали дарахт ва буталар экиш режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.

Муҳокама этилган масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

 


 

Useful resources