Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган Қарши шаҳри Буюк Турон кўчасидаги ҳолат юзасидан расмий муносабат
19.
01. 2021
11:26
967
Эконадзор

Куни кеча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги Буюк Турон кўчасида минглаб дарахтларнинг қўпорилаётганлиги тасвирланган видео ҳамда хабар юзасидан Давлат экология қўмитасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ҳамда Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳолатни ўрганиш учун бевосита баён этилган манзилга чиқдилар.

Ўрганиш давомида Қарши шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган бўлиб, мазкур ҳудуддаги 2 874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар давлат рақами 555 СА 70 экскаватор техника воситаси ёрдамида илдизи билан қўпорилганлиги аниқланди ва ҳолат юзасидан далолатнома тузилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Қарши шаҳар Қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар “Буюк Турон” МФЙ, Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган “Кичик саноат зонаси” ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатга жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.

Шу билан бирга ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган Кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик ҳулосаси олинмаганлиги аниқланди.

Айни дамда юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы