“Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди
17.
02. 2022
11:07
5259
Новости

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2021 йил 3 февралдаги ПФ–6155-сон Фармонида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси”да муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида
2021 йилда катта ишлар амалга оширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги 58-сон қарори билан Қорақалпоғистон Республикасида майдони 280 507 гектар бўлган “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 майдаги 282-сонли қарор билан Зомин, Нурота, Қизилқум ва Сурхон давлат қўриқхоналарининг қўриқланма зоналари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари тўғрисидаги низоми тақдиқланди. Намунавий низом асосида 6 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма зоналари тўғрисидаги низомлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 16 февралдаги ПҚ-131-сонли қарори билан давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида умумий майдони 1 200 000 гектар бўлган “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва Томди туманида умумий майдони 40 000 гектар бўлган “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди.

Ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига нисбатан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони улуши 11,2 % га етказиш амалга оширилди.

Ташкил этилган табиат боғи ва давлат қўриқхонасининг ҳудудлари жуда муҳим ва бой биохилма-хилликга эгадир. Миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси Қизилқум чўлининг ноёб табиий мажмуа ва объектларини, шу билан бирга йўқолиб кетиш ҳавфи остида бўлган ноёб ҳайвонлар ва қушларни ҳамда ўсимлик турларини, у ерлардаги ландшафтларни муҳофазага олади.

Миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси фаолияти йўлга қўйилиши натижасида Қизилқум чўлининг марказий қисмидаги табиий мажмуа ва объектлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган 30 дан ортиқ турдаги ноёб ҳайвон турлари, 10 дан ортиқ ўсимлик турлари ҳудудий жиҳатдан муҳофаза остига олинади. Қайд этиш лозимки, ташкил этиладиган мазкур муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноёб ҳайвон тури – жайроннинг Қизилқум чўлидаги популяциясининг қарийб 80 фоизи ҳаёт кечиради.

Ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши минтақадаги табиий мажмуаларнинг қайта тикланишига ҳамда экологик хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг, яъни, чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олди олинишига шароит яратади.

“Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонасининг ташкил этилиши муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноёб ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳамда табиий мажмуаларнинг муҳофаза қилиниши натижасида яқин ўн йиллик даврда ҳайвонларнинг бош сони камида 15 фоизга ортиши, ўсимлик популяцияларининг тарқалиш ареаллари 20 фоизга кенгайишига эришилади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы