Ўзбекистон – Россия: Ҳамкорликнинг янги саҳифаси
19.
09. 2019
20:43
5692
Новости

2019 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида «Газпром»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари З.Авезов бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Давлат экология қўмитаси раиси Б.Қўчқоров, раис ўринбосари Ҳ.Ҳусанов, «Termokimik Corporation» компаниясининг расмий вакили О.Тарасов, «Газпром»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари З.Авезов ва ҳар икки томон мутахассислари иштирок этишди.

Учрашув аввалида «Termokimik Corporation» компанияси фаолияти ҳамда Давлат экология қўмитасининг асосий вазифалари ва функциялари ҳақида сўз борди.

Сўнгра, Давлат экология қўмитаси «Газпром»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда «Termokimik Corporation» компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, шунингдек, мазкур компаниянинг молиялаштириши асносида чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш ва саралаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва юртимизда чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда утилизация қилиш заводини барпо этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бугунги кунда «Termokimik Corporation» компанияси чиқиндиларни қайта ишлаш, уларни ёқишга мўлжалланган ИЭС қуриш, сувни фильтрлаш ва тозалаш учун технологиялар ишлаб чиқариш, оқава сувлар, газларни тозалаш, кимёвий ифлослантирувчи моддаларни фильтрлаш ускуналарини ишлаб чиқариш каби йўналишларда фаолият олиб боради.

Учрашув давомида Давлат экология қўмитаси раиси Б.Қўчқоров меҳмонларни мамлакатимизнинг инвестиция имкониятлари, ҳукумат томонидан турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича изчил амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мазкур йўналишдаги миллий қонунчилик билан батафсил таништириб ўтди.

Суҳбат асносида хориж делегациясига Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, чиқиндиларни ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва саралаш тартиби ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Учрашувда республикада ушбу соҳада чиқинди полигонларини қуриш, чиқинди ташиш автомашиналари ва бошқа энг олди махсус техникалар билан жиҳозлаш бўйича бир қанча лойиҳалар амалга оширилаётгани, лекин, шундай бўлса-да, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизацияси учун технология ҳамда махсус техникалар сотиб олишга катта эҳтиёж борлиги алоҳида эътироф этилди.

Ўз навбатида, О.Тарасов учрашув иштирокчиларига «Termokimik Corporation» компанияси томонидан Италия ва МДҲ мамлакатларида амалга оширилган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди.

Дўстона руҳда ўтган учрашув таассуротларга бой бўлди.

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 





Полезные ресурсы