Халқаро семинар бўлиб ўтди
14.
10. 2022
15:48
3063
Yangiliklar

  2022 йилнинг 14 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Базел, Роттердам, Стокгольм ва Минамата конвенцияларини бажарилиши самарадорлигини ошириш ва халқаро даражада кимёвий моддаларни бошқариш бўйича институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш» мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.

Мазкур семинар Давлат экология қўмитаси /БМТ Атроф-муҳит дастури (UNEP)нинг «Базел, Роттердам ва Стокгольм конвенцияларини, Симоб тўғрисидаги Минамата конвенциясини ва Халқаро даражада кимёвий моддаларни бошқаришга стратегик ёндашувни амалга ошириш самарадорлигини юксалтириш учун миллий даражада институционал салоҳиятни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш Махсус дастурини амалга ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳа  Ўзбекистон Республикасининг миллий устувор вазифалари ва манфаатларидан келиб чиқиб, экологик ва кимёвий хавфсизликни таъминлашни янада ривожлантириш мақсадида  амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республкаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Фармони билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида экологик хавфсизликни ҳисобга олган ҳолда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, кимёвий моддалардан экологик хавфсиз фойдаланишни таъминлаш вазифаси белгиланган эди.

Семинарда эътироф этилганидек, кимёвий моддаларни бошқариш  кенг кўламли масалаларни ўз ичига олади ва у инсон саломатлигини сақлаш, атроф-муҳит, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, меҳнатни муҳофаза қилиш, халқаро муносабатлар ва савдони қамраб оладиган турли хил фаолият соҳаси саналади. Кимёвий моддаларни бошқаришга янада интеграциялашган миллий ёндашувга эришиш учун эса, самарали мувофиқлаштириш механизмини яратиш ва жорий қилиш  мақсадга мувофиқдир.

Бунда турли иштирокчиларнинг маълумот алмашинуви, бир-бирини тўлдирувчи ёки ўзаро боғлиқ бўлган фаолиятни мувофиқлаштириш, баъзи ҳолларда қўшма қарорлар қабул қилиш ёки ҳамкорликни ривожлантириш ва жорий қилиш  лозимдир.

Лойиҳа кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш бўйича  идоралараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтириш, қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани, мониторинг ва ҳисоботларни амалга оширишни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш бўйича қонунчилик ва институционал базани баҳолаш ва таҳлил қилиш ишлари амалга оширилади. Ахборот тўплаш учун асослар таклиф этилиб, кимёвий моддаларнинг миллий реестрини ташкил этиш орқали халқаро шартномалар бўйича ҳисоботлар такомиллаштирилади.
Семинарда манфаатдор вазирлик, идора, жамоат ташкилотлари вакиллари, лойиҳа экспертлари,  онлайн форматда эса ЮНЕПнинг Махсус дастур котибияти вакиллари ва халқаро экспертлар ҳам иштирок этишди.

Foydali manbalar