Лойиҳа тақдимоти
10.
02. 2021
18:34
477
Тадбирлар

2021 йил 10 февраль куни Давлат экология қўмитасида «Марказий Осиёда атроф муҳит мониторингини ўтказишга кўмаклашиш учун маълумот ва ахборотларни тайёрлаш ҳамда фойдаланишни яхшилаш учун салоҳиятни ривожлантириш ва технологияларни узатиш» лойиҳасининг тақдимотига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда вазирлик ва идоралар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасида БМТнинг доимий координатори, БМТ нинг атроф муҳит бўйича дастурининг (ЮНЕП) Марказий Осиё ва Европа офислари координаторлари, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Россия Фанлар академияси, География институти, Москва Давлат университети вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир давомида таъкидланганидек, мазкур лойиҳанинг мамлакатимизда амалга оширилиши махсус мониторинг тармоқларидан ахборот олиш, маълум ҳудудларни карталаштириш, ер қопламаси ва ердан фойдаланишнинг тўлиқ таснифи тўғрисидаги маълумотларни олиш имкониятларини беради. Мазкур маълумотлар атроф муҳит ҳолати ва табиий ресурслар тўғрисида миллий маърузаларни тайёрлашда, трансчегаравий экологик масалаларни ҳал этишда, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида амалга оширилаётган ҳамда табиатни муҳофаза қилиш бўйича кўптомонлама келишувлар доирасидаги ҳисоботларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳа доирасида ахборот технологияларидан кейин фойдаланилади. Хусусан, замонавий технологиялар ва дастурий таъминот.

Шунингдек, географик ахборот тизими технологиялари ва воситаларидан фойдаланишда Россия Федерацияси ва ЮНЕП экспертлари томонидан тайёрланган махсус ўқув дастури орқали кадрлар салоҳияти оширилади. Шу билан бирга мазкур лойиҳа доирсида атроф муҳитнинг рақамли атласи ишлаб чиқилади. Бу эса атроф муҳитнинг ер, сув, биологик хилма-хиллик билан боғлиқ асосий йўналишларидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш ва баҳолаш, маълумотлар базасини яратиш, индикаторларни ишлаб чиқиш, статистик маълумотларни тайёрлаш имконини беради.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар