Қуйи Aмударё давлат биосфера резервати ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилди
17.
09. 2021
07:43
3902
Тадбирлар

MAB (Man and the Biosphere Programme) дастури 2021 йилда ўзини 50 йиллигини нишонлайди.

13-17 сентябрь кунлари “Инсон ва биосфера” дастурининг Халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашининг 33-сессияси Абуджa шаҳрида (Африка) бўлиб ўтди.

15-сентябрь куни “Инсон ва биосфера” дастури доирасида 33-Халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашининг қарори билан 21 мамлакатдан 20 та янги объект Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилди.

Ушбу тармоқ дунёнинг 131 мамалакатидаги 727 резерватларни, шу жумладан 22 трансчегаравий объектларни ўз ичига олади.

ЮНЕСКОнинг биосфера резерватлари ҳозирда ер юзининг 5% дан ортиғини эгаллайди ҳамда биологик-хилмахилликни сақлаш, экологик таълим, тадқиқот ва барқарор ривожланишни бирлаштиради.

Янги киритилган объектлар қаторига Ўзбекистон Республикасининг Қуйи Aмударё давлат биосфера резервати қўшилди.

Бадай-туқай давлат қўриқхонаси негизида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йили 26 августдаги 243-сонли қарори асосида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилди.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Амударё туманлари худудларида жойлашган бўлиб, умумий майдони 68 717,8 гектарни ташкил қилади. Шундан 11 568,3 гектар қўриқхона зонасига, 6 731,4 гектар буфер зонасига, 5 0418,1 гектар ўтиш зонасига ажратилган.

Биосфера резерватининг асосий вазифаси – ландшафтларини, туқайлардаги ўсимлик ва хайвонот дунёси турларини, жумладан, кам учрайдиган ва йўқ бўлиб кетиш ҳавфи остидаги турларни биосфера резервати ҳудудига хос бошқа табиат обьектларини сақлаб қолиш ва қайта тиклашдан иборат.

Биосфера резерватида 419 юксак ўсимлик турлари учраши аниқланган бўлиб, шундан 2 тур Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби” га киритилган ноёб ўсимлик турлари ҳисобланади.

Биосфера резервати ҳудудида 36 тур сут эмизувчи, 246 тур қушлар, 29 тур судралиб юрувчилар, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчи, 43 тур балиқлар синфига мансуб ҳайвонлар учраши қайд этилган. Мазкур турлардан 36 тур ҳайвон Ўзбекистон Республикасининг “Қизил Китоби” га, 18 тур эса Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи Қизил руйхатига киритилган ноёб ҳайвонлар ҳисобланади.

Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг асосий ғурури Бухоро буғиси (Cervus hanglu bactrianus) ҳисобланиб, шу йил баҳорда ўтказилган саноқ натижаларига кўра ҳудудда 1400 бошдан ортиғи яшайди.


Халилулла Шеримбетов,
Давлат экология қўмитасининг
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар
бошқармаси бошлиғи

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар