Афсонавий писта дарахти: унинг қандай сири бор?
21.
01. 2022
12:57
4773
Янгиликлар

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Хўжа Писта бобо зиёратгоҳи табаррук масканлардан бири ҳисобланади.

Қадим Нурсух қишлоғидаги 60 гектарлик мазкур зиёратгоҳ бир неча асрлик тарихга эга.

Зиёратгоҳ ўртасида 1200 йиллик ҳар йили 2 хил мева тугадиган афсонавий писта дарахти бор. Халқ орасида бу мўъжизавий дарахт ҳақида турли афсона ва ривоятлар кенг тарқалган. Унга қараганда, ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган уч нафар ака-ука авлиёлар Макка ва Мадина шаҳридан йўлга чиқиб, бир қўлларида писта, бирида ёнғоқ дарахтидан тайёрланган ҳасса билан шу зиёратгоҳда тўхтаган. Ҳассаларини қуруқ ерга суқиб қўйишгач, ундан мана шу писта ва ёнғоқ дарахти деярли битта дарахт танаси бўлиб униб чиққан.

Писта дарахтининг барглари япалоқ, узунчоқсимон бўлиб, кўпроқ ёнғоқ дарахти баргига ўхшаб кетади, бўйи 2-3 метр, бутасимон, томиридан бир нечта шохчалар ҳосил қилиб, энига шохлаб кетган. Ажабланарли томони шундаки, дарахтнинг илдизи 10-15 метргача бўлиб, кўпроқ ёмғир суви ҳамда ер ости сувлари орқали табиий суғорилади. Фарғона набототининг дурдонаси бўлмиш ушбу дарахт ўз тури бўйича ягона саналади. Икки юз ёшли писта дарахти ёнида ўша даврдан буён зирк дарахти ҳам ёнма-ён ўсиб турибди.

Хўжа Писта бобо қабристони мақбараси ҳамда мазкур афсонавий писта дарахти маҳаллий туристик марказ сифатида зиёратчиларни ўзига жалб этади. Бу ерга бошқа вилоятлардан саёҳатчилар, маҳаллий аҳоли йил давомида, айниқса, эрта баҳор – писта гуллаган пайтда зиёрат қилгани ташриф буюради. Мазкур зиёратгоҳда уч машҳур валий – Хожа Ҳасан Нурий, Ҳазрат Саид Камол ота ва Султон пеш боболар мангу қўним топган.

Ҳозирги кунда, писта дарахти Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан муҳофаза қилинадиган ўсимликлар рўйхатига киритилиб, асраб келинмоқда.


М.Сулаймонов, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/afsonaviy-...

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар