Ўзбекистонда биологик чирийдиган гранула ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
17.
03. 2020
13:16
5450
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги ПҚ-3406-сонли қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи давомида имзоланган ўзаро келишув Меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ҳузурида 2018 йил 2 февраль куни Атроф-муҳит ифлосланишини олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарияти ҳисоботи юзасидан ўтказилган мажлисда берилган топшириқларнинг ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармонига мувофиқ, республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш, хусусий, маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш юзасидан Корея Республикасининг «Seojin industry Co. Ltd.» ва Германиянинг «Nt Neue technologien GMBH» компаниялари билан Давлат экология қўмитаси ўртасида англашув меморандуми имзоланган.

Унга кўра тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига биологик чирийдиган гранулар ва бошқа турдаги биологик маҳсулотлар (жумладан биопакет) ишлаб чиқариш бўйича замонавий экологик тоза технологияларни тадбиқ этишга йўналтирилган лойиҳани амалга оширилиши кўзда тутилган.

 


Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3730-сонли қарорининг 5-бандида полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш, ҳамда қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш тақиқланган.
Ушбу полимер маҳсулотлар муқобил равишда яратилган биологик маҳсулотлар 4 ойдан бошлаб тупроқда чирийди ва бир йилгача атроф-муҳит учун мутлақо зарарсиз ҳолатга келади.

Лойиҳа доирасида, маккажўхори крахмалидан йилига 10 000 (ўн минг) тонна биологик хом ашё ишлаб чиқариш, шунингдек ушбу халқ хўжалиги ва турли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Жумладан: савдо шаҳобчалари учун мўлжалланган тутқичли ва тутқичсиз ҳамда чиқиндилар учун мўлжалланган бир мартоба ишлатиладиган биологик пакетлар, саноат ва маиший қадоқлаш биологик пакетлар, бир марта ишлатиладиган идишлар, бир марта ишлатиладиган қўлқоплар ва бошқа турдаги маҳсулотлар.

Ушбу лойиҳа Ўрта Осиёда ҳудудида ягона ҳисобланиб, лойиҳанинг умумий қиймати 20 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш натижасида 300 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.

Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида инвестиция шартномасини ишлаб чиқилиб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар