Учувчисиз учиш аппаратлари атроф-муҳитнинг радиациявий  ва экологик мониторингини соддалаштиради
17.
08. 2022
20:25
2798
Yangiliklar

   Атроф-муҳит муҳофазасида, унинг ҳолатини барқарорлаштириш 
ва тегишли бошқарув қарорларни қабул қилишда экологик вазиятнинг ҳолатини мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан экологик мониторинги тизимини техник жиҳатдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада, айниқса ифлосланган ҳудудларни аниқлаш ва ўрганиш учун  учувчисиз учиш аппаратларидан (УУA) кенг фойдаланиш истиқболли йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.  

Куни кеча Давлат экология қўмитаси Атом энергияси бўйича халқаро агентлик — МAГAТЭ халқаро экспертлари билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган махсус полигон ҳудудларини ўрганиш мақсадида УУАни тест режимда синовдан ўтказди. Мазкур синовлар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган махсус полигонларни ўрганиш учун УУАдан фойдаланган ҳолда гамма-спектрометрия тизимини самарали ишлатилишига  бағишланган ҳудудий семинар доирасида бўлиб ўтди.

Синовларни ўтказиш жараёни ва  радиациявий вазиятни мониторинг қилиш соҳасидаги тадқиқот семинарида Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ва МАГАТЭ делегацияси раҳбари С.Алтфелдер иштирок этишди.

Шуни таъкидлаш керакки, сунъий интеллектга эга УАВлардан фойдаланиш радиация мониторинги билан шуғулланувчи шахсларнинг касбий таъсир қилиш даражасини, тадқиқот ва ифлосланган ҳудудларни аниқлаш ва ўрганиш учун молиявий харажатларни камайтиради. Бундай замонавий ускунанинг яна бир асосий афзалликларидан бири – етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда, айниқса, тоғли ҳудудларда радиация мониторингини ўтказиш имкониятини яратишда ҳисобланади.

УУАлар Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги Ўзбекистон Республикасида Марказий Осиё учун Экологик қайта тиклаш ҳисоби бўйича амалиётлар ўтказиш тўғрисидаги Ҳадли битими доирасида  амалга оширилиши кўзда тутилган махсус полигонларни рекультивация қилиш лойиҳасининг вазифаларини бажаришда фойдаланилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллион еврони ташкил қилади.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Foydali manbalar