Айдар-Арнасой кўллар тизими бошига Орол денгизининг куни тушиши мумкин
17.
12. 2021
19:55
5568
Янгиликлар

Сўнгги йилларда Чордара сув омборидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига чучук сув қуйилаётгани йўқ. Сув сатҳининг пасайиши ва таркибининг шўрланиши натижасида қирғоқлари айрим жойларда 15−50 м га чекиниб, 15−20 см гача туз қатлами ҳосил бўлди, сувнинг шўрланиш даражаси кескин ошди. Сенаторлар ва Экология қўмитаси раҳбари ўринбосарлари Орол денгизининг куни бошига тушиши мумкин бўлган экотизим муаммолари ҳақида гапирди.

Олий Мажлис Сенати 16 декабрь куни бўлиб ўтган 22-ялпи мажлисида Айдар-Арнасой кўллари тизимида кузатилаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.

Рисқул Сиддиқов. Фото: Сенат матбуот хизмати.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Рисқул Сиддиқов кўллар тизимининг экологик ва биологик муҳитини яхшилаш мақсадида «Айдар-Арнасой кўл тизими дирекцияси» ДУК ташкил этилиб, қурилиш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади. Соҳилбўйи ҳудудларида балиқчилик хўжаликлари, инкубация устахоналари ва балиқ етиштириш ҳовузлари барпо этилмоқда. Шу билан бирга, Жиззах ва Навоий вилоятларида жойлашган Айдаркўл, Тузкон ва Шарқий Арнасой кўлларини ўз ичига олган кўллар тизимидан фойдаланишда бир қатор муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда.

Кўллар тизимининг сув ҳажми 1994−2000 йилларда 44,1 миллиард куб метрни, ҳудуди 350 минг гектарни, узунлиги эса 250 километрни ташкил этган бўлса, 2013−2021 йилларда сув етишмовчилиги туфайли Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудида жойлашган Чордара сув омборидан кўл тизимига сув ташланмагани боис сув ҳажми 37,7 миллиард куб метргача камайди, деди сенатор.

Рисқул Сиддиқов кўлларда сув сатҳи 2 м га пасайганини, минераллашув даражаси 10 йил ичида 5,1 г/л дан 8,6 г/л гача ошганини, Боймурод ҳудуди атрофида эса бу кўрсаткич 12 г/л дан ошганини таъкидлади.

«Сув сатҳининг пасайиши ва сув таркибининг шўрланиши натижасида айрим қирғоқбўйлари 15−50 метргача ортга чекиниб, шу чекинган майдонда 15−20 см, баъзи жойларда ундан ҳам юқори ҳажмда туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чангларга сабаб бўлиши олиб келмоқда. Шу билан биргаликда, қишлоқ хўжалигидаги экин ер майдонларига ва инсон саломатлигига таъсир кўрсатмоқда», — деди у.

Айдар-Арнасой кўллар тизимининг жойлашув схемаси. Манба: CAWater-Info.

Унинг сўзларига кўра, кўллар тизимида балиқчилик тармоғини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам етарлича йўлга қўйилмаган. Балиқ захираларининг сақланиши ва муҳофаза қилинишини назорат қилиш тизими нотўғри йўлга қўйилгани сабабли ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Кўл тизими ҳудудида белгиланган меъёрлар асосида тизимли балиқлантириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, экотуризмни ривожлантириш, сувнинг шўрланиш даражасини юмшатиш ишлари ташкил этилмаган.

Балиқ овлаш контурларини ижарага бериш, ижара ҳақини ундириш, балиқ заҳираларини муҳофаза қилиш, балиқ овлаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, балиқ овлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва назорат қилиш турли давлат органлари зиммасига юклатилган, уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилмаган, деди сенатор.

У кўл тизимидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлардаги номувофиқликлар ҳақида маълум қилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича ҳудудий инспекцияларига Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаган.

Борий Алихонов. Фото: Сенат матбуот хизмати.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш қўмитаси раиси Борий Алихонов Айдар-Арнасой кўллар тизими пайдо бўлган 1969 йилдан ярим аср ўтганини ва бу ерда тегишли экотизим шаклланганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, охирги йилларда кўллар ҳолатининг ёмонлашув тенденцияси кузатилмоқда.

«Биринчидан, ҳозир минераллашув ҳақида гап кетди. Агарда келгусида шўр сувлар оқибатида Айдар-Арнасой сувининг минераллашув даражаси кўпайиб борадиган бўлса, ҳозир 12 г/л деяпти, Айдар тарафда ҳатто 14 га ҳам чиққан. 17 г/л бўладиган бўлса, чучук сувда яшайдиган балиқларнинг яшашга имконлари йўқолади. Яъни балиқларнинг ўз-ўзидан урчиши, ўз-ўзидан човоқлаши масаласи йўқ бўлади. Яъни чучук сувда табиий усулда балиқ овлаш умуман мумкин бўлмай қолади», — деди сенатор.

Унинг сўзларига кўра, кўллар тизимининг тубида бир неча сантиметрлик қуйқа, ил бор.

«Бу илда сероводород ёки водород сульфид дейилади, очилиб қоладиган бўлса, бу атроф-муҳитга жудаям катта [таъсир кўрсатиб], экотизимнинг ихтиофаунаси ёки гидрофлораси йўқ бўлиб кетиши мумкин», — деди у.

Фото: Uzbekistan.travel

Борий Алиханов, шунингдек, кичкина катакли ностандарт, бир марталик тўрлардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилди.

«Бу масалани ҳал қилмайдиган бўлсак, човоқчалар нобуд бўлиб боряпти, балиқларнинг урчишига умуман имконият бўлмай қолади», — дея маълум қилди у.

Сенаторнинг қайд этишича, ҳар йили Айдар-Арнасой кўллар тизимига 3,5 куб км сув келиб тушган, шундан 2 куб км чучук сув бўлган. «Лекин ҳозир чучук сув тўхтади. Эртага бу экотизим буткул барбод бўлиб, салбий таъсири ундан баттар бўлиши мумкин», — деди у.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбековнинг айтишича, бугунги кунда ушбу ҳудудда «Қизил китоб»га киритилган 30 дан ортиқ ҳайвон тури, шунингдек, 209 дан ортиқ қуш турлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий сони бугунги кунда 96 мингта етган.

Унинг таъкидлашича, кўл экотизимидаги вазият сенаторлар таърифлаганидан ҳам ёмонроқ. Энди кўллар учун фақат коллектор-дренаж сувлари сув манбаи бўлиб қолмоқда.

«Ўзим Қорақалпоғистонданман. 1984 йили 4-синфда ўқиганимда кемалар қабристонида маёқ бор эди, кемалар турарди, катта денгиз кўз олдимизда турган. Лекин институтни битириб борганимизда, 10 йил орасида Мўйноқда Айдар-Арнасойдан 30 баробар катта минг куб км ҳажмдаги денгиз йўқолиб кетган эди», — деди у.

Жусипбек Казбеков Тошкентдан унча узоқ бўлмаган масофада бўлган мазкур ҳудудга жиддий қаралмаса, «Орол муаммосини мана шу ерга, Тошкентга олиб келган бўламиз».

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев экотизимдаги вазият сенаторлар ва Экоқўм раҳбари ўринбосари тилга олганидан ҳам ёмонроқ эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, советлар даврида Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги чўл ҳудудларида жуда кўп миқдорда пестицидлар ишлатилган.

«Мана шу пестицидлар тупроқда қолиб, бугун шўрни ювиш жараёнида Айдар-Арнасой кўллар тизимига тушяпти. Кўл атрофининг очилиши муносабати билан зарарли қумлар, зарарли дорилар, яқинда бу ҳам таҳлил қилинди, Тошкентдаги дарахтларда ҳам чиқяпти. Кўплаб дарахтларнинг қуриши ҳам шунинг натижасидир», — деди у.

Вилоят раҳбари вазият мамлакат раҳбарияти назоратида эканини таъкидлади. Ҳозир бу борадаги президент фармони ишлаб чиқилмоқда.

Муҳокама якунлари бўйича Сенат муаммони ҳал этиш бўйича ҳукумат томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилаётганини аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

2019 йилда ҳукумат қарори билан Айдар-Арнасой кўллари тизими ҳудудида балиқчилик ва туризмни ривожлантириш режалаштирилган эди.

2021 йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги қарори билан кўлларда дам олиш масканлари ташкил этиш, меҳмонхоналар, спорт иншоотлари ва бошқа иншоотлар қуриш режалаштирилди.

 


«ГАЗЕТА.UZ»

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2021/12/...

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар