2022 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га раислиги доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди
27.
05. 2022
17:51
4201
News

  Гибрид форматда ташкил этилган йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларнинг (Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси)  атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари ҳамда ШҲТ Котибияти вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.Обломурадов олиб борди.

Йиғилиш аввалида делегациялар раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари тўғрисида тақдимот қилдилар.

Иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар чегара билмайди. Улар билан курашиш эса глобал, минтақавий ва миллий миқёсдаги комплекс саъй-ҳаракатларни талаб этади. Экологик хавф-хатар тобора кескин тус олаётган бир даврда бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ШҲТга аъзо давлатлар учун жиддий аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни институционаллаштириш йўлида ШҲТ доирасида қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда томонлар 2021 йил 17 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида тасдиқланган “ШҲТга аъзо давлатларнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси”ни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, йиғилишда томонлар “ШҲТнинг экологик ахборот алмашинуви учун ягона платформасини биргаликда яратиш дастури”ни қабул қилдилар.

Йиғилиш якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг 2023 йилда ўтказиладиган навбатдаги тўртинчи йиғилишига Ҳиндистон Республикаси раислик қилиниши маълум қилинди.

Бир сўз билан айтганда, ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирларининг Тошкент учрашуви Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган фаол экологик дипломатиянинг навбатдаги энг муҳим натижаси бўлди.

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати

Useful resources