Глобал иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги
16.
07. 2022
12:33
4307
News

Бугунги илм-фан, технология тараққиёти даврида дунё манзараси тубдан ўзгариб кетди. Бу ўзгаришлар натижасида бир қатор долзарб, таъсир доираси бутун дунёни қамраб олган, инсониятнинг келажакдаги ижтимоий тараққиётини белгилаб берадиган муаммолар вужудга келмоқда.

Иқлим ўзгариши ана шундай кенг тарқалаётган глобал муаммолардан бири бўлиб, бунинг натижасида яна бир қанча глобал муаммолар, жумладан, озиқ-овқат инқирози вужудга келаётир. Aйниқса, кейинги йилларда сайёрамиз бўйлаб глобал исиш, кучли шамол, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ёнғинлар янада кўпроқ содир бўла бошлади, музликлар эриши кучайди. Бу каби иқлим ўзгаришлари бир қатор салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Хусусан, ҳарорат кўтарилиши натижасида сувнинг буғланиш коэффиценти ошиши ҳудудларда сув ресурслари камайишига, танқислигига таъсир этмоқда. Экологик танглик оқибатида йил давомида умуман ёғингарчилик бўлмаган кунлар сони кўпаймоқда. Тупроқнинг намлиги камайиши ҳисобига такрорий қурғоқчилик хавфи ортаётир ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари тушиб кетмоқда. Aтмосфера ҳавосида катта майдонларда чангланиш ортмоқда. Исиш ва совиш каби аномал ҳодисаларнинг ўзгариши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва меваларнинг нобуд бўлишига олиб келаяпти.

Бундан ташқари, яқин йилларда жаҳон ҳамжамияти унчалик аҳамият бермаган озиқ-овқат инқирози деярли барча давлатларни жиддий ташвишга солаётгани айни ҳақиқат. Озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархлари ўта даражада ошишини англатувчи янги термин — агфляция (аграр инфляция) бутун дунё мамлакатлари “луғати”дан муқим жой олиб улгурди. Ҳолбуки, ХХ асрнинг охирига келиб дунёнинг фақатгина ўттизга яқин ривожланган мамлакатлари учун аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлашга эришиш муаммоси ўз долзарблигини йўқотган эди.

Бугунги кунда дунёнинг деярли барча давлатлари учун бу муаммо энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Aйниқса, 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси инқирози ва уни бартараф этиш шароитида бу масала яна кун тартибига чиқди. Ҳисоботларда озиқ-овқат инқирози ва очарчилик муаммосининг келиб чиқишида бир қанча сабаблар қаторида иқлим ўзгариши ва табиат ҳодисалари ҳам қайд этилмоқда.

Хусусан, БМТ маълумотларига кўра, ер юзи аҳолиси сони “геометрик прогрессия” бўйича ортиб бормоқда, афсуски, уларнинг эҳтиёжи “арифметик прогрессия” бўйича қондирилмоқда. Ҳозирда жаҳон аҳолисининг 815 миллион нафари оч қолаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу рақам 2 миллиард кишига етиши тахмин қилинаётир. Айни чоғда, уларнинг 12,9 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

Шу ўринда, дунёда рўй бераётган озиқ-овқат инқирозининг қуйидаги сабабларини айтиб ўтиш жоиз. Биринчидан, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг харажатлари ошди. Бу борада қишлоқ хўжалиги техникаларининг асосий ёқилғиси ҳисобланган бензин ва дизел нархлари ўсди, ўз навбатида, транспорт тарифлари ошди, асосий минерал ўғитларнинг нархлари ҳам қимматлашди.

Иккинчидан, бутун дунё бўйича озиқ-овқатга бўлган талаб ҳажмида ва таркибида глобал силжишлар рўй берди. Масалан, ўтган асрнинг 60-йилларидан буён Ҳиндистон, Миср, Нигерия, Бангладеш каби давлатларнинг аҳоли сони тахминан уч баробар ошган бўлса-да, экин майдонлари ўзгармай қолди. Бундай ҳолат дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам рўй бермоқда. Шунингдек, охирги 15-20 йилда аҳолининг озиқ-овқат истеъмоли рационида ҳам сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Aйрим ривожланаётган мамлакатларда, жумладан, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида аҳоли гўштни кўпроқ истеъмол қила бошлади.

Учинчидан, биоёқилғи бозорининг тез суръатлар билан ривожланиши доннинг нархи ошишига қўшимча сабаб бўлаётир. Ривожланган давлатларнинг ўсимлик манбаларига асосланган “экологик тоза” ёқилғини ишлаб чиқариш дастури доирасида биоёқилғи (этанол) учун керак бўлган қишлоқ хўжалиги талабни ошириб юборди.

Ушбу сабаблардан кўриниб турибдики, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. БМТ мутахассислари ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидламоқда. Қолаверса, дунё аҳолисини етарли озиқ-овқат билан таъминлашда глобал иқлим ўзгаришлари ва аҳолининг экологияга бефарқ муносабати, озиқ-овқат истеъмолидаги исрофгарчилик каби салбий омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Шунингдек, бутун дунёда чучук сув, ўрмонлар, биологик хилма-хиллик кескин суръатларда камайиб бормоқда, ер унумдорлиги пасайиб, тупроқ ҳолати деградация (заволга)га учрамоқда. Aйни вақтда дунёнинг илғор ва ривожланаётган давлатлари ўртасидаги озиқ-овқат истеъмоли бўйича кескин фарқлар юзага келмоқда. Статистик маълумотларнинг кўрсатишича, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш аста-секин ўсиб бораётган бўлса-да, бу жараён аҳоли сонининг кўпайиб боришига нисбатан бир текисда юз бераётгани йўқ. Мутахассислар иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун бир қанча тавсиялар беришмоқда. Булар — қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш; энергия самарадорлигини ошириш ва соҳаларни энергия тежовчи технологиялар билан модернизация қилиш; табиатда яшилликни кўпайтириш, ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, дарахтзорларни кўпайтириш; экологик тоза қишлоқ хўжалигига ўтиш; тупроқ таркибидаги органик моддаларни сақлаб қолиш (чунки уларнинг йўқолиши тўғридан-тўғри иссиқхона эффектига таъсир қилади); экологик тежамкор транспорт турларига ўтиш.

Умуман, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи нақадар долзарб эканлиги бугун ҳаммага маълум. Сайёрамиз экологик инқирозга учраб, атмосфера ифлосланиши миллиарддан ортиқ аҳоли яшайдиган минтақаларда рухсат этилган меъёрлардан ошиб бораётир. Саноат чиқиндилари ҳажми ва қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиишга яроқсиз ерлар майдони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.  Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи инсоннинг яшаб қолиши учун ниҳоятда муҳим муаммога айланмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудида атмосфера ифлосланишининг олдини олиш борасида жиддий тадбирлар кўрилаётганлиги туфайли ҳаво таркиби меъёр даражада бўлишига эришилмоқда. Аслида, атмосфера ҳавосини ифлослайдиган йирик манбалардан бири автомобил транспорти бўлиб, уларнинг чиқинди чиқариши ёқилғи сифатига, двигателларнинг ишлаш режими ва техник ҳолатига боғлиқ.   

Кейинги йилларда инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни тўғри белгилаш, табиат бойликлари ва объектларини муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик қулай атроф-муҳитга эгалигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб масала бўлиб қолди. Экологик вазият бузилганлиги туфайли тупроқлар нурамоқда, табиат ноёб ўсимлик ва  ҳайвонат турларидан маҳрум бўлмоқда, атмосфера ҳавоси таркибига шикаст етказилмоқда.

Ана шундай бир мураккаб ҳолатдан чиқиш, инсон, жамият ва табиат ўртасидаги муносабатларни коэволюцион ҳолатда ривожлантириш   замонамизнинг кескин ижтимоий-экологик муаммоларидан биридир. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати экологик муаммоларни мамлакатда ўтказилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг умумий жараёни билан қўшиб олиб бораётир. Хусусан, бунда:

- 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида 2030 йилга бориб, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини 10 фоизга камайтириш;

- транспорт воситаларининг 80 фоизини газ-баллон ёқилғиси ва электр энергиясида ишлашга ўтказиш;

- республика ҳудудида атмосфера ҳавоси ифлосланишини автоматик тарзда ўлчайдиган постлар тизимини яратиш;

- амалдаги ишлаб чиқариш қувватларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларни қўллаш масалалари илгари сурилган.

Хулоса ўрнида айтганда, атмосфера ҳавоси табиий ресурсларнинг таркибий қисми бўлиб, у умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бундай шароитда ёшларнинг атмосфера ҳавосини ҳимоя қилиш технологияларини чуқур ўрганиши, уларни амалиётга татбиқ қилиши бўйича кўникмаларга эга бўлиши ҳозирги глобал ва минтақавий экологик таҳдидлар шароитида ўта муҳим ҳисобланади.

 

  Ҳамза АМИНОВ,

 Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, техника фанлари фалсафа доктори.   

 

 

Ушбу мақола "Халқ сўзи" газетасининг 2022 йил 12 июль сонида ҳам нашр этилган                              

Useful resources