Жонажон Ўзбекистонимиз фасллар талашган – жаннатмонанд юрт
05.
12. 2022
18:16
3689
News

Ҳар фаслнинг ўз хислати бор,
Ҳар фаслнинг ўз фазилати. 
Кумуш қишдан, зумрад баҳордан,
Қолишмайди кузнинг зийнати.

                                       Уйғун

Жонажон Ўзбекистонимиз фасллар талашган – жаннатмонанд юрт. Бугун 2022 йилнинг 5 декабр кунида мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида оппоқ қор ёғмоқда. Бу яхшилик, қут-барака, серобчилик белгиси. 

Аллоҳнинг саховати билан олтинга тенг заминимизни қоплаётган оппоқ қорлар келгуси йилларимиз фаровонлиги, бободеҳқону боғбонларимиз ҳосилининг мўл-кўл бўлиши, асосийси эса Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида экилган дарахт кўчатларининг ўсиб ривожланиб, юртимиздаги барча ҳудудларнинг табиий иқлим шароити янада яхшиланишидан бир нишонадир. 

Айтиш ўринлики, ортда қолаётган 2022 йил халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган, ютуқларга бой, баракали йил сифатида тарихга муҳрланаяпти. Жорий йилда мамлакатимизда  ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, саноат ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда салмоқли натижаларга эришилди. 

Аҳамиятлиси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида тизимли равишда амалий ишлар олиб борилаётгани она табиатимиз мусаффолигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.  

Асосийси эса халқимизнинг келажакка бўлган умиди,орзу ва ниятлари бутун. Бугун юртимизда айни шу пок тилаклар, дуолар ижобати сифатида яна салмоқли бўлиб ёғаётган қор – қишнинг зийнати, таровати, баракаси барчангизга муборак бўлсин!

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Useful resources