15-томонлар конференцияси (СОР-15) доирасида Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадовнинг Глобал экологик жамғармаси (GEF) Ижрочи директори ва раиси Карлос Мануэль Родригес билан учрашуви ҳам самарали кечди.
18.
12. 2022
20:34
2531
News

Учрашувда GEFнинг «Star» тармоғи 7-цикли доирасида Ўзбекистонга ажратилган грант  маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш масалалари ва 8-цикл доирасида Ўзбекистонга ажратиладиган малбағларни ўзлаштириш бўйича режалар муҳокама қилинди.

К.М.Родригес  GEFнинг молиялаштириш маблағлари миқдори глобал миқёсда 30 фоизга ортганлиги тўғрисида сўз юритиб, ушбу маблағларни халқаро миқёсда сувлар ва кимёвий моддаларни бошқариш йўналишидаги минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб қилиш истиқболлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон томони устувор йўналишларда ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлиги, айниқса, сув тежамкорлик, сув ресурслари муҳофазасини таъминлаш ва оқова сувларни тозалаш билан боғлиқ лойиҳалар учун GEF маблағларининг жалб этилиши келгусида юқори самара беришини таъкидлади. 

Шунингдек, мамлакатимизда кимёвий моддалар полигонларини консервация ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга грант маблағларини жалб этиш истиқболлари муҳокама этилди.

Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов GEF раҳбарига фаол ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, 2023 йил 23-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференциясида (CMS COP-14) иштирок этишга таклиф қилди. 

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Useful resources