Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг давлат ташрифи доирасида 2022 йил 22 декабрь куни икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Битим имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.Обломурадов ҳамда Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазири С.Брекешев томонидан имзоланди.
Мазкур битим доирасида икки мамлакат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни амалга ошириш белгиланди:
- Сув ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш, сув ифлосланишини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш;
- Биохилмахилликни сақлаш, экотизимларни деградациядан асраш, иқлим ўзгаришига мослашиш;
- Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
-Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш;
- Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш;
-Экологик тоза ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш;
-Чегарадош ҳудудларда ўрмон майдонларини тиклаш каби бошқа устувор йўналишларни ўз ичига қамраб олган.
Ушбу Битимнинг имзоланиши икки давлат атроф-муҳит идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни юқори даражага олиб чиқишда ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади.