Бухоро вилоят: Тўрт йиллик «стаж»га эга браконьерлар фаолиятига чек қўйилди
21.
08. 2019
18:05
6445
Янгиликлар

«Қизил китоб»га киритилган жайрон табиат инжиқликларидан эмас, балки одамзоднинг хакалак отган нафси таъқибидан қирилиб кетаётгани нақадар ташвишли. Шўрлик жонивор нафақат гўшти, балки қимматбаҳо саналган шохлари учун ҳам браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда. Жорий йилнинг 19 август куни Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Олот ҳамда Қоракўл туманлари инспекциялари томонидан Олот туманининг «Қирлишон» МФЙ, Ўртачўл массивида ўтказилган тезкор рейд тадбири чоғида ана шундай нафс бандалари «қўлга олинди». Аниқроғи, шу куни «Урал» русумли мотоциклда «сайр»га чиққан икки фуқаронинг ҳатти-ҳаракатлари ходимлар эътиборини тортди.

Бу шахслар Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Миришкор туманларида яшовчи С.Холназаров ҳамда И.Рўзиевлар бўлиб, улар кўнгилхушлик илинжида овга отланган браконьерлар эканлиги маълум бўлди. Экологик суриштируви чоғида бу фуқаролар оз эмас, нақ 4 йил давомида кимсасиз чўлда браконьерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганликларини, шу кунга қадар 20 бош жайрон овлагашгани аниқланди.

Улар ўлжасига айланган жониворлардан икки бош урғочи жайрон болалашига оз муддат қолганида овланган экан. Боз устига, браконьерлар қўлларидаги ов қуроли тегишли  ҳужжатсиз, эгасиз, яъни ноқонуний бўлиб чиқди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунида дахлсиз ва давлат муҳофазасига олинган ҳайвонот олами, уларни овлашнинг қатъий белгиланган мавсуми, ҳатто балиқ овига доир батафсил маълумот берилган. Бу талабларга риоя этмаган ёхуд табиатга, ҳайвонот оламига, шу орқали давлат манфаатларига зарар етказганлик учун жавобгарлик муқаррарлиги белгилаб қўйилган.

Аниқланган мазкур ҳолат юзасидан браконьерликка қўл урган С.Холназаров ҳамда И.Рўзиевларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун вилоят ИИБ ҳамда Маъмурий суд органига ўтказилади.

Фойдали манбалар