Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
15.
08. 2022
15:14
979
Янгиликлар

2022 йил 15 август куни Давлат экология қўмитаси томонидан 20 август — Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар учун очиқ мулоқот ташкил этилди. Қўмита раҳбарияти ва худудий бошқармалар, тизим ташкилотлари мутасаддилари, шунингдек, Қўмита қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этган ушбу тадбир бир вақтнинг ўзида Қўмита марказий аппарати ва барча ҳудудий бошқармаларда “on-line” форматда бўлиб ўтди.

Тадбирда Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов  мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар ва бизнес муҳитни яратишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

 Давлат экология қўмитаси ҳам бир қатор йўналишларда тадбиркорларга хизмат кўрсатиб келмоқда ва бу жараёнда тадбиркорларга ҳар томонлама қулайлик яратиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, онлайн экспертиза тизими жорий этилди, тадбиркорларга атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва экологик экспертиза жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, хизмат кўрсатиш тўлиқ электрон форматга ўтказилди, ариза беришдан бошлаб, экспертиза хулосасини расмийлаштиришгача бўлган жараён электрон шаклда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Атроф муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини хисоблаш бўйича “Эко калькулятор” хизмати жорий этилиб, барча ҳисоботлар электрон тартибда тақдим этилмоқда.

“Экорухсат” ахборот тизими жорий этилиб, бугунги кунда соҳадаги барча 8 та рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш тўлиқ рақамлаштирилди ва контактсиз шаклда хизмат кўрсатишга ўтилди.
Қўмита тизимида жорий йилнинг 7 ойи давомида жами 21 920 та тадбиркорларга турли йўналишларда давлат хизматлари кўрсатилди.
2020 йил 7 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор билан атроф муҳитга таъсир кўрсатиши юқори ва ўртача даражада хавфли бўлган фаолият турларининг атроф муҳитга ва аҳоли соғлиғига салбий таъсирини муҳокама қилиш бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш амалиёти жорий этилиб, салбий ҳолатларни олдини олишга замин яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 11 август имзоланган “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам тадбиркорларга республикада чиқиндилар билан ишлаш соҳасида қатор енгиллик ва қулайликларни яратмоқда. Хусусан, ушбу Фармон билан хусусий тадбиркорлардан санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун тўловлардан Давлат экология қўмитаси тизимига мажбурий тартибда ундириладиган 10 фоиз миқдоридаги ажратмалар бекор қилинади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январгача чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш кетиш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун фойда солиғи (амалда 15 фоиз) ва ижтимоий солиқ (амалда 12 фоиз) ставкаси 1 фоизга туширилмоқда.
Тадбиркорларни республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимларидан ташқари) озод қилиш бўйича имтиёз муддати 2025 йил 1 августга қадар узайтирилмоқда. (Амалда ушбу имтиёз 2023 йил 1 январгача берилган. Имтиёз узайтирилиши билан тадбиркорлар ихтиёрида 15,1 млрд сўм қолади).

Тадбир давомида Давлат экология қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш фаолияти турлари бўйича тақдимотлар намойиш қилиниб, мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди.

Тадбирда тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланиб, фаолиятлари давомида юзага келаётган масалалалар бўйича ечим берилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар