Тошкент: «Ашхобод» кўнгил очар маскани ҳудудига ёндош ер майдонида дарахтларнинг кесилишига оид
30.
01. 2020
12:13
8896
Янгиликлар

Давлат экология қўмитасига Тошкент шаҳри Яшнобод тумани «Ашхобод» дам олиш маскани ёнидаги боғда қурилиш муносабати билан дарахт кесилаётганлиги юзасидан мурожаат келиб тушиб, уни ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди.

Яшнобод тумани, Махтумқули ва М.Улуғбек шох кўчалари кесишмасида жойлашган Маданият бош бошқармасига тегишли бўлган «Ашхобод» кўнгил очар маскани ҳудудига ёндош ер майдонида меҳмонхона қурилиши учун Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 17 апрелдаги  632-сонли қарори билан «J-UNITED GROUP» МЧЖга 2,0 гектар майдонни доимий фойдаланиш учун ажратиб берилган.

Бугунги кунда ушбу ер майдонда сассиқдарахт ҳамда ёнғоқ, тут, айлант, акация, гледечи, эман, заранг, шумтол каби дарахтларнинг мавжудлиги аниқланди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги 5863-сон Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилган.

Фармоннинг тўртинчи банди «в» қисмида кўрсатилгандек, вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари объектларни қуриш ва қуришни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш амалиётини қўллаш орқали уларнинг сақлаб қолинишини қатъий таъминланиши белгилаб қўйилган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб экиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоат муҳокамасидан ўтиб, айни дамда келишилмоқда. 

Юқоридаги кўрсатиб ўтилган ер майдонидаги дарахтларнинг 152 донаси «Ашхобод» кўнгил очар маскани ҳудудига кўчирилганлиги ҳамда бу жараён давом этаётганлиги маълум бўлди. Шу билан бирга кўчириб ўтказиш жараёнидан 7 дона аччиқмия дарахтлари ўсишдан тўхташ даражасида шикаст етказилганлиги аниқланди.

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорининг талаблари бузилган. 

Аниқланган ҳуқуқбузарлик юзасидан зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Баён этилган ҳолатда мазкур ҳудудда дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари аниқланмади.

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати


 


 

Фойдали манбалар