«Туркистон» саройи ҳудуди атрофида белги остига олинган дарахтлар юзасидан муносабат
23.
11. 2020
14:50
4878
Эконадзор

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри «Туркистон» саройи атрофида махсус белги остига олинган дарахтлар, уларнинг кесилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хабарлар жойлаштирилмоқда. Давлат экология қўмитаси мазкур масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидаги дарахтларнинг ҳолатини аниқлаш мақсадида 2020 йил ноябрь ойида Давлат экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, мазкур гуруҳ томонидан айни вақтда А. Навоий кўчаси бўйлаб табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари таъсирида зарарланган, ўзининг биологик ёшини ўтаб бўлган, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтлар ўрганилиб, махсус белгилар қўйилди.

Белги остига олинган дарахтлар «аниқ кесилади» деган фикрлар ноўрин бўлиб, аксинча мазкур дарахтларни даъволаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бунда ҳар бир дарахтга индивидуал ёндошилиб, имкон қадар сақлаб қолиш, янги кўчатларни экиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, айни вақтда Давлат экология қўмитаси тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон Фармонига мувофиқ дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда мораторийнинг амал қилиш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда сақлаш хизматларини ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар