2020 йилнинг 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик партия фракцияси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунига бағишланган семинар ўтказди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Гидрометерология хизмати маркази, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари ва экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, озон қатламини емирувчи моддалар-хлорфторуглерод тутган бирикмаларни ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида ўтган асрнинг 80-йиллари охирига келиб, Озон қатламини емирилиши натижасида «Озон дарчалари» ҳосил бўлиб, унинг ҳимоя функциялари сусайган. 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинганлиги озон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъи-ҳаракатларнинг аниқ механизми бўлди. Мазкур Конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, озонни емирувчи моддалар — хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинуви кўзланган.
Қайд этилганидек, илмий тадқиқотлар давомида озонни емирувчи энг зарарли моддалар ҳамда келгусида халқ хўжалигида ишлатиш учун яроқли бўлган моддалар аниқланиб, унинг натижалари 1987 йил 16 сентябрда ривожланган ва ривожланаётган давлатлар томонидан Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг қабул қилинишига асос бўлди. Монреаль протоколи озон қатламини ҳимоя қилишдек глобал муаммони ечишда муҳим ҳужжатга айланди. Унда озонни емирувчи асосий моддалар белгиланиб, уларга таркибида хлор, фтор, бром, углерод ва водород каби углеводород синфига тааллуқли кимёвий бирикмалар киритилган, уларни ишлаб чиқариш ва фойдаланишни қисқартириш ва охир оқибат умуман бартараф этиш бўйича режа-жадвал, шунингдек бу жараён устидан назорат белгиланган.
Тадбир давомида Ўзбекистон Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколини 1993 йил ратификация қилганлиги ва унинг барча тузатишларни босқичма-босқич қабул қилиб, мазкур Конвенциянинг тегишли талаб ва қоидаларига риоя қилиш режимига амал қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Дунё ҳамжамиятидаги бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам озон қатламини ҳимоя қилиш борасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Озон қатламини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қаторидан мустаҳкам жой олди.
Вена конвенцияси талаблари ижросини ҳамда Миллий дастур доирасида озон қатламини емирувчи моддаларни муомаладан босқичма-босқич чиқаришни таъминлаш мақсадида саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни озонга хавфсиз маҳсулотларга ўтказишни қўллаб-қувватлаш, озон қатламини емирувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни утилизация қилиш тизимини ишлаб чиқиш, ушбу моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Республикамиз бўйича 99,5 фоиз озон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилган ва бу Монреаль протоколи билан режалаштирилган муддатлардан илгарилашга эришилди.
Семинарда сўзга чиққанлар озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи талабларини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан маълумот бериш билан бирга мазкур Протокол талабларини амалга ошириш механизмини ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масаларини муҳокама қилдилар.
Семинар якунида муҳокама этилган масала юзасидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/fractions/31986/
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати