Деятельность Общественного совета

Жорий йилнинг 29 апрель куни Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

       Кун тартибидаги масалалардан келиб чиқиб, йиғилиш Қибрай туманида жойлашган “AKSA Enerji Tashkent” масъулиятли чекланган жамияти корхонасида  амалий бир тарзда ўтказилди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва Қўмита ҳузуридаги “Давлат экологик экспертизаси маркази” ДУК раҳбарияти ҳамда экспертлари иштирок этган йиғилишда йирик қурилиш объектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига давлат экологик экспертиза хулосасини бериш тартиби юзасидан масалалар кўриб чиқилди.Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни тез суръатлар билан ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда чет эл инвестициясини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, инвесторларнинг Ўзбекистонга кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган барча омилларни бартараф этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш билан боғлиқ ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
     Йиғилишда  “AKSA Enerji Tashkent” корхонаси мутасаддилари томонидан ушбу корхона ҳақида батафсил маълумот берилди. Корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ва қуввати 230 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш»  2021 йил 4 мартдаги ПҚ-5018-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, корхона томонидан мўлжалланган фаолият учун Давлат экология қўмитаси томонидан 2021 йилда 28 декабрдаги 04-01/10-08-2359-сон давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси тақдим қилинган.Мазкур хулосада 8-банддан иборат атроф-муҳитни муҳофазасига қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган. Жумладан, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар бўйича лаборатория таҳлилларини амалга ошириш, чиқиндиларни сақлаш ва жойлаштириш талабларига риоя этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва оқова сувларни очиқ сув ҳавзаларига оқизмаслик, ишлаб чиқаришни махсус утилизация қилиш бўйича белгиланган тартибда чора-тадбирларни келишиб бориш ҳамда атроф-муҳитни ифлослантирилганлиги учун компенсация тўловларини амалга ошириш белгилаб ўтилган.
         Йиғилишда “Давлат экологик экспертиза маркази” ДУК экспертларининг бу борадаги фикрлари тингланди.
         Йиғилиш давомида Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда Қўмита мутахассислари билан ҳамкорликда атроф-муҳитга бўлаётган салбий таъсирнинг ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида давлат экологик экспертизаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда амалдаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда давлат экологик экспертиза хулосаларининг бажарилиши бўйича доимий назорат қилиш тизимини яратиш, илғор хорижий тажриба асосида атроф-муҳитга таъсирни олдиндан баҳолашнинг икки босқичли (скрининг ва скоупинг) шунингдек, техник топшириқ асосида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш заруратини олдиндан аниқлаш тизимларини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди ва муҳокама этилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати


Полезные ресурсы