Она табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз
05.
06. 2020
15:25
147563
Новости

5 июнь – Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
 

Юртимизнинг ҳар қарич ери олтинга тенг. Унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Мана шундай бетакрор гўзалликни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш ҳар биримизнинг унутилмас бурчимиздир.

5 июньХалқаро Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни бутун дунё бўйлаб ҳар йили кенг нишонланади. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1972 йил Стокголмда бўлиб ўтган Инсоният муҳити мавзуидаги конференцияда жорий этилган.

Ўтган йиллар давомида мазкур кун 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланди, ҳозирда экологик муаммоларни ечишга ёрдам берувчи муҳим бир замин бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу кунда барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она-еримизни асраб қолишга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш имконига эга бўлади.

Мазкур сана муносабати билан ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой бўлган Ҳисор давлат қўриқхонасига ташриф буюрдик.

Аслида ушбу сўлим маскан ажойиботлари қўриқхона худудидан оқиб ўтувчи дарё ва ирмоқлардан оқиб келиб, улкан уммонни ташкил қилган Ҳисорак сув омборидан бошланади.
 

Қўриқхона табиатини мўтаъдил бўлишида ундаги мавжуд дарё ва кўлларнинг аҳамияти бекиёсдир. Унинг ҳудуди билан чегарадош Сурхандарё, Тожикистон ва Ҳоликдод сойининг бошида жойлашган Северцов, Ботирбой музликларидан бир қатор сув манбалари бошланади. Уларнинг ичида энг йириклари Оқсув, Танхоз ва Қизилдарё дарёлари ҳисобланади. Шу уч дарё сувининг Шаҳрисабз тумани ҳудудида кўшилиши натижасида Қашкадарё дарёси ҳосил бўлади. Дарёлар қор, муз, ер ости сувлари ва ёғинлардан тўйинади, уларни юқоридан пастга қараб оқиши жараёнида катта-кичик шаршаралар ҳосил бўлади.

Ҳисор давлат қўриқхонаси Ўзбекистоннинг жанубий-шаркий кисмида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари худудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатҳидан 1 минг 750 метрдан 4 минг 421 метргача баландликда жойлашган бўлиб, у жанубий-шарқда Сурхондарё вилояти, шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Мазкур қўриқхона 1983 йил Қашқадарё вилоятидаги иккита мустақил Мираки ва Қизилсув қўриқхоналарининг бирлаштирилиши натижасида, Ҳисор тоғ тизмаларининг жанубий-шарқий қисмидаги табиий комплексларнинг типик участкаларини асл ҳолида муҳофаза қилиш, улардаги табиий жараёнларнинг боришини ўрганиш хамда шу худудда йўқолиб бораётган флора ва фауна вакилларини сақлаб колиш мақсадида ташкил килинган.

– Ҳисор давлат кўриқхонасининг умумий ер майдони 80 минг 986,1 гектарни ташкил этади, шундан 50 минг 892 гектари Шаҳрисабз тумани, 16 минг 200 гектари Яккабоғ тумани ва 14 минг 92 гектари Қамаши туманлари ҳудудида жойлашган бўлиб, ҳудуд жиҳатидан у Марказий Осиёда энг катта кўриқхонадир, – дейди Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Оромов. – Қўриқхона умумий ер майдонининг 22 минг 276 гектари арчазор ва бутасимон ўрмонлар билан қопланган, яйловлар 24 минг 258 гектарни, дарёлар ва кўллар 107 гектарни, ботқокликлар 461 гектарни, музликлар 3 минг 155 гектарни, қоя ва жарликлар 30 минг 258 гектарни ташкил этади. Ҳисор давлат қўриқхонасининг ер майдони Ғилон, Танхоздарё, Мираки ва Қизилсув бўлимларига бўлинган. Ҳисор давлат қўриқхонаси Помир-Олой тоғ тизимига кирадиган Ҳисор тизмасининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган. Унинг бутун ҳудуди ягона массив сифатида шарқдан ғарбга 37 километр, шимолдан жанубга 90 киометрга чўзилган. Тоғ ётқизиқлари ичида палеозой жинслари кўп учрайди. Чўққиларининг баландлиги 2 минг 500 метрдан 4 минг 421 метргача. Жумладан, Ҳазратсултон тоғи 4 минг 266 метр, Хўжа-киршавор 4 минг 303 метр, Тўртқўйлик 4 минг 366 метр, Биби-Ўлмас 4 минг 349 метр. Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳам кўриқхонанинг Тўртқўйлик тоғидаги денгиз сат­ҳидан 4 ми 421 метр баландликда жойлашган номсиз чўққидир. Қўриқхона ҳудудида мезазой-кай­назой даври ётқизиқларида карст жараёнлари кенг таркалган ва ўралар, даралар, токча ва ғорлар кўплаб учрайди. Ушбу тоғ дарёлари ва сойлари чуқур дараларни ҳосил қилади.

Ўзига хос табиатли Ҳисор давлат қўриқхонасига Сув тушар шаршараси ўзгача ҳусн бағишлаган. Қўриқхона ҳудудидан бошланадиган ва оқиб ўтадиган сойлар, ирмоклар, дарёлар ўзининг сув ўзанида турли шакл ва кўринишдаги шаршаралар ҳосил қилади. Улардан энг йириги Сувтушар шаршарасидир. Ушбу шаршара кўриқхонанинг Мираки бўлимининг Сувтушар сойининг бошланиш кисмида, денгиз сатҳидан 2 минг 100 метр баландликда жойлашган. Шаршаранинг баландлиги 84 метр бўлиб, катта қоя тошлар ва арчазорлар орасида жойлашганлиги билан табиат шайдоларини ўзига мафтун этади. Ушбу шаршара Ҳисор тоғ тизмасининг 4 метр баландликдаги Осмонталаш қорли қояларидан пайдо бўлган сувлар ҳисобига ҳосил бўлади. Ўзига хос ажиб бир куйни чалиб, соҳибжамолнинг узун ёйилган кокилларини эслатувчи сувнинг шиддатли оқими ушбу шаршара сувини кўпиртириб, оппоқ ҳолатга олиб келади. Шунинг учун махаллий аҳоли орасида гоҳида уни Суттушар шаршараси ҳам, деб аташади.
 

Танхоздарё бўлимининг денгиз сатҳидан 3 минг 200 метр баландликда жойлашган Саритуз кенгликларидан бошланадиган Саритуз сойининг энг юқори қисмида, денгиз сатҳидан 3 минг 200 метр баландликда, узунлиги 1000 метрдан ортиқ бўлган, фақат баҳор ойларида эриган қор, ёмғир, булоқ сувларидан пайдо бўладиган Оқ камар шаршараси мавжуд. Шаршара Саритуз сойининг серқоя кесик тошлари орасидан илон изи йўналиши бўйлаб, ўйноқи ҳаракатлари билан пастга қараб оқиши қўриқхона табиатига ажойиб кўриниш касб этади. Тошдан тошга урилиб оқаётган ўз ўлжасига ҳамла қилмоқчи бўлган илонни эслатувчи тез оқар сув зарралари мазкур ерда ўсадиган эндемик ўсимликларни намлик билан таьминлайди.

– Она табиат. Унинг софлиги, табиийлигини асраб-авайлаш ва келажак авлодга бутунлигича етказиш учун барчамиз масъулмиз, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғанишер Ибрагимов. – Шу мақсадда  Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида жами 490 та рейд тадбирлари ўтказилди. Ўтказилган рейд давомида Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилишга оид қонун, қонуности ҳужжутлари талабларини бузган 516 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жарималар қўлланилган.

Табиатнинг ўзи заргарга ўхшайди. Унинг бағридан униб чиққан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир дарахт, ўрмонлар, ҳайвонот олами ўзига хос бир оламдир. Бу табиий бойликка дахл қилинишининг олдини олиш, муҳофаза қилиш фақат шу соҳа ходимларининг иши эмас, балки барчанинг бурчидир. Чунки, биз яшаётган ҳудуд мусаффолиги, экологик мувозанат барчамизга бирдай дахлдордир. Мухтасар қилиб айтганда, она табиатга меҳр-муҳаббатли бўлайлик. Оилаларда, маҳалла ва қишлоқларда экологик тарбияни кучайтирайлик. Орасталикка риоя қилишимиз, гулу гиёҳлар маскани ва дарахтзорларни авайлаб парваришлашимиз зарур. Агар биз табиий гўзалликларга зиён етказмасликни одат қилсак, авлодлар келажаги ва хаётнинг давомийлиги учун шунчалик кўп қайғурган бўламиз.
 

Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ(сурат), ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/ona1-tabiatni-asrash-...

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


Полезные ресурсы