«Миллий тилни йўқотмоқ – миллатнинг руҳини йўқотмоқ»дир
19.
09. 2020
12:43
12132
Новости

«Миллий тилни йўқотмоқ – миллатнинг руҳини йўқотмоқ»дир
Абдулла Авлоний

Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишга, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли хам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Бундан 30 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиши билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Тил – миллат қиёфанинг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муомалада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш ҳавфида бўлган тилларни сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак.

Тахлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.

Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган худудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари хам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 йилларида атиги 8 киши сўзлашган Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил хисобланиб келинган иврит тили хам қайта истеъмолга киритилди. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши сухбатлашади.

Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилганлари боис улар бошқа минтақаларда сўзлашувчи халқлар билан қоришиб кетиб, уларни тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Лотин Америкасидаги айрим халқлар эса алкогол ва гиёхванд моддалар истеъмоли туфайли йўқ бўлиб кетган.

Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак.

Қонунга асосан энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланган тил қонун даражасида ҳуқуқий асосга эга бўлди. Бу қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланди. Мазкур ҳуқуқий асос орқали қайта шаклланаётган давлатнинг, ҳукуматнинг, унинг янги раҳбарининг элга, юртга нисбатан эътибори, эҳтироми намоён этилди.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбек халқининг, унинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мазкур тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифадир.

Яқин тарихга назар ташласак, собиқ совет давлати даврида кўплаб олимларимизнинг ижод махсуллари атамаси, ихтирочи олимларимизнинг ихтиролари атамалари, фандаги янги очилган йўналишлар атамалари фақатгина рус тилида юритилар эди, шу боис совет давлати даври тилимизнинг ривожланмай турган турғунлик даври бўлиб қолди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда нафақат ўзбек тили, балки юртимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилиниши миллий қонунчилигимизда акс этган. Унинг амалий исботини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги қуйидаги норма мисолида кўриш мумкин: «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг 7-моддасида қайд этилишича, давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади. Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди. Бу орқали давлат ўзбек тилини асраш, бойитиш ва ривожлантиришда масъулликни ўз зиммасига олган. Шу асосда юртимизда ўзбек тилини бойитиш ва такомиллаштиришга доир кўплаб илмий изланишлар, лойиҳалар олиб борилмоқда, турли соҳаларга оид луғатлар, илмий рисолалар мунтазам нашр этилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги барча нашриёт матбаа-ижодий уйлари томонидан она тилимизнинг жозибасини бор бўй-басти билан намоён этишга доир нашрлар чоп этилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Шунингдек, юқоридаги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон қилиниши белгиланган. Мазкур норма «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонун 26-моддасининг тўртинчи қисмида янада аниқлаштирилган. Унга асосан, «қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади». Ушбу нормаларнинг ижроси амалда таъминланаётганини ҳозирги кунда Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари мисолида ёки Олий Мажлисда қабул қилинаётган қонунлар ўзбек тилида қизғин муҳокама этилаётганлигида кўриш мумкин. Лекин, ҳар қандай ҳодисанинг бир неча ҳикмати бўлади. Тил масаласида кўтарилган бу шов-шув гапларни барча зиёлилар, айниқса ижодкорлар ҳам ўйлаб кўришлари лозим. Она тилимизни янада ривожлантиришга, унинг ажиб ва ноёб оҳангларини бойитишга, бу тил замирида қанчадан-қанча бойликлар ётганлигини очиб беришга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим. Зеро, истиқболда фарзандларимиз, дўстларимиз, миллатдошларимиз ҳам бир-бирлари билан ўзбек тилида гаплашсинлар...

Биз намуна бўлайлик, ўз-ўзимиздан бошлайлик, оилада фарзандлар билан қайси тилда сўзлашияпмиз, диллашияпмиз.Бугун биз барча соҳада ўта фаол бўлишимиз даркор, биз бағрикенгмиз, аммо бундай масалада асло йўқ, энди ўтмайди! Андишани номи қўрқоқ бўлмасин.


Тилимизга чуқур ҳурмат билан,
Наманган вилоят «Тоза худуд» ДУК ходими
Р.У.Усманов

Фойдаланилган Адабиётлар:

Шарофиддин тўлаганов. Она тилим – олтин сандиғим. 2019 й.
Абдулхай Собиров, ф.ф.д, проф. тил – Миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси. 2019 й.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы