Жиззах вилояти. Зомин давлат қўриқхонаси
26.
10. 2020
13:00
7450
Эконадзор

Қўриқхона ҳудудида Ғарбий Бухоро зоогеографик участкасига қарайдиган анчагина хилма-хил ҳайвонот дунёси яшайди. Бу ерда қўриқхона арча ўрмонзорларига хос барча турлар учрайди. Ҳар хил майдонларда бой озуқа базаси, ин ва уяли жойлар биохилма-хиллик мажмуасининг барча таркибига яшаш имконини яратган.

Қўриқхона ҳудудида балиқларнинг 1 тури, сувда ва қуруқлиқда яшовчиларнинг 2 тури, судралиб юрувчиларнинг 14 тури, қушларнинг 102 тури ва сутэмизувчиларнинг 30 тури учрайди. Қўнғир айиқ ва Туркистон силовсини ТМХИнинг «Қизил Китоби»га киритилган. Ўзбекистон Республикасининг «Қизил Китоби»га қўнғир айиқ, Туркистон силовсини, тоғ эчкиси, тасқара, қора лайлак, болтаютар, бургут, кичик бургут, итолғи, оқбошли қумой, маллабош лочинлар киритилган.

Арчали кенгликлар хусусан қушларга бой. Одатда қўриқхона ўрмонларида сариқ ва тоғ деҳқончумчуғи, қорабуқоқ бўзшақшақ, пунгқуш, ҳаммаёқда ҳозиру нозир какликлар, Туркистон чиғирчиғи кўплаб учрайди. Шаршарали дараларда тоғ майнаси ва воҳмақуш, тошли сойларда қўнғир ва оддий сувчумчуқ, тоғ ва ниқобли жиблажибон яшайди. Юқори чўққиларда қуйидаги йирик қушлар ин қуради: оқбошли қумай, тасқара болтатумшуқ-қўзилар. Чортонги дарасида, қоянинг оёқ етмайдиган чуқур ёриғида бир жуфт қора турна яшайди. Бу жуфтлик ҳар йили шу ерга кўчиб келади.

Сут эмизувчилардан бу ерда бўри, тўнғиз, қуён, оддий кўрсичқонлар доимийдир. Юқори тоғликлар, арча зонасида айиқларни болалари билан учратиш мумкин, улар бу ерда кўп учрайди. Хилват жойларда Туркистон силовсининг шитир-шитирини эшитиб туриш мумкин. Эрта тонгда тун йиртқичи, жажжигина, ёқимтой ариқ сичқонини учратиш мумкин.

Тоғ эчкиси тоғликлар, қоялар ва тош уюмларида учрайди, улар ҳам қўриқхона ҳайвонат дунёсининг оддий аъзоси.

Қоқ тошликларда туркистон эчкиэмарини учратиш мумкин. Қумли ва тупроқ қияликларда бўшилон, чипорилон, чўл тақиркўзлиги, сариқилон ва бошқалар кўзга ташланади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы