Термиз шаҳридаги Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сурхондарё вилояти прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси А.Бобомуродов ҳамда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекцияси бошлиғи Х.Араловлар табиатни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонунчилик ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таъкидландики, ўтаётган йилда прокуратура органлари ходимлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари соҳага оид қонунчиликка риоя этилиши юзасидан белгиланган вазифаларни амалга ошириб, салмоқли натижаларга эришди.
Жумладан, йилнинг ўтган даврида 8 та қўпол қонунбузилиш аниқланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Табиатни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонун ва қонун ости ҳужжатлари талабларини бузган 4 минг 243 хуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига мувофиқ маъмурий иш қўзғатилиб, 1 миллиард 435 миллион сўмдан ортиқ жарима белгиланди. Мазкур ҳуқуқбузарликнинг 34 таси мансабдор шахслар томонидан амалга оширилган бўлиб, тегишли тартибда маъмурий жазо чоралари кўрилди.
Табиатга етказган зарари учун 366 та юридик ва жисмоний шахсга нисбатан 7 миллиард 369 миллион 62 минг сўмга яқин даъво жарималари белгиланиб, улардан 3 миллиард 448 миллион 76 минг 589 сўм миқдоридаги жарима ундириб олинди. Браконьерлардан 231 та тўр материаллари, 7 та ов милтиғи вақтинча олиб қўйилди.
Экология ва атроф-муҳит мусаффолиги сайёрамизда глобал муаммога айланиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, атмосферани авайлаб-асраш, ер, сув ва бошқа табиий бойликлардан оқилона фойдаланишнинг қонун йўли мустаҳкамлангани соҳага муносабатни ўзгартиришда муҳим омил бўлмоқда. Бироқ, айрим кишиларнинг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни чуқур билмаслиги, табиат бойликларига бепарволиги оқибатида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилаётгани ачинарлидир.
Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун воҳада прокуратура органлари ходимлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари олис ва чекка ҳудудларда ҳам тарғибот тадбирларини йўлга қўйди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура ходимлари 6 минг 958 та тарғибот тадбирларини олиб борди. Шунингдек, табиат жонкуярлари ҳам бу борада амалга ошираётган ишлари сифати ва самарадорлигини таъминлашга эътиборни янада кучайтираётир.
Матбуот анжуманида табиат мусаффолигини таъминлаш фақат қонун ҳимоячилари ва соҳа мутахассисларининг вазифаси эмас, балки кенг жамаотчиликнинг муҳим иши экани қайд этилди. Экологияга оид қонунчиликда белгиланган жазо чоралари, дарахтларни кесиш, чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш, ҳазонларни ёқиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди. Журналист ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ / ЎзА
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат)
Манба: http://www.uza.uz/uz/posts/ona-tabiat-muhofazasiga...
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати