Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертизаси тўғрисида»ги қонунига кўра, республика ҳудудида режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш мажбурий ҳисобланади.
Давлат экологик экспертизасини ўтказишни ташкил этиш бўйича ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисобланиб, давлат экологик экспертизаси қўмита таркибидаги ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таркибида давлат экологик экспертизасини ўтказиш бўйича «Давлат экологик экспертизаси маркази» давлат унитар корхоналари таъсис этилган.
Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори (I), ўрта (II), паст (III) ва маҳаллий (IV) тоифаларига мансуб фаолият турларини давлат экологик экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш, экспертизадан ўтказишга материалларни тайёрлаш ва тақдим этиш каби хизматлар амалга оширилади
Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасини ўтказиш тизими бундан 24 йил аввал, яъни 1997 йили жорий этилган. Айтиш керакки, айни пайтда замон талабидан келиб чиқиб, бу борада қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросидан келиб чиқиб 2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб қўмитанинг www.eco-service.uz веб-сайти орқали давлат экологик экспертизасини ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинуви тизими ишга туширилди.
Бу билан ариза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларининг қоғоз шаклда қабул қилиниши тўлиқ тўхтатилиб, уларни ҳамда тўловларни электрон кўринишда амалга ошириш, автоматлаштирилган ҳужжатлар ижроси кузатувини юритиш, соҳа йўналишида методик ёрдам кўрсатиш, давлат экологик экспертизаси хулосаларини бериш бўйича рақамлаштирилган интерактив хизмат жорий этилди.
Ушбу ягона тизимга ҳудудий давлат экологик экспертизаси марказлари интеграция қилиниб, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб, яъни маҳаллий таъсир кўрсатадиган фаолият турлари бўйича электрон анкета шаклида аризани тўлдириш дастурий ечимлар амалга оширилди. Мазкур янгилик ҳисобига буюртмачиларнинг шахсий кабинетида тегишли йўриқномага амал қилиб, осон, қийинчиликсиз давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун аризани юбориши учун барча дастурий қулайликлар яратилди.
Буларнинг барчаси ўз навбатида, ортиқча вақт сарфи ҳамда молиявий йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Масалан, авваллари тизимда эскича қоғозбозлик тизими сақланиб қолгани сабабли хулосалар ва экологик лойиҳаларнинг бир нусхаси қоғоз кўринишида ишлаб чиқариш объектига тақдим этилиб, иккинчи нусхаси архивга топширилар эди. Экспертиза хулосасини олиш, айниқса, олис ҳудудлардаги буюртмачилар, яъни тадбиркорлар учун кўплаб муаммоларни юзага келтирган. Республиканинг чекка ҳудудидаги буюртмачи шартнома олиш учун Тошкент шаҳрига бир келса, лойиҳани тасдиқлатиш учун яна такрор келишга тўғри келган. Қолаверса, марказ ходимлари томонидан тақдим этилган лойиҳа атрофлича ўрганилиб, якуний хулоса берилгунга қадар буюртмачи яна маълум муддат кутиши керак бўлган. Шунингдек, масаланинг йўл ҳақи, меҳмонхонада туриш каби иқтисодий харажатлари билан боғлиқ жиҳатлари ҳам борки, буларнинг барчаси буюртмачи учун ортиқча харажат ва оворагарчиликларни келтириб чиқарган.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилда республика миқёсида тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун жами 17906 та ариза ҳужжатлар тақдим этилган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур янги тизим ишга тушганидан сўнг, яъни ўтган йилининг 1 октябридан бошлаб жараён анчайин тезлашган ва 4733 та аризага ўз вақтида давлат экологик экспертизасини ўтказиш бўйича онлайн хизмат кўрсатилган.
Айтиш лозим, бу борадаги ишлар инсон омилининг бартараф этишга, қонунийлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Айни пайтда тизимдан фойдаланиш бўйича буюртмачиларга янада қулайлик яратиш юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Қолаверса, давлат экологик экспертизаси хулосаларининг холислиги ва асосланганлигини таъминлаш, экспертиза органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш, уларга услубий раҳбарлик қилиш, шунингдек, экспертизани ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ва баҳсли масалаларни ҳал этиш учун давлат экологик экспертизаси хулосаларининг холислиги ва асосланганлигини таъминлаш мақсадида олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, вазирлик ва идоралардан доимий фаолият юритувчи экспертлар ва малакали мутахассислардан иборат экспертлар кенгаши шакллантирилди. Давлат ва жамоат экологик экспертизаси бўйича йўриқнома-услубий ҳужжатни ишлаб чиқишга, давлат ва жамоат экологик экспертизасини ўтказишнинг услубий жиҳатларига оид материаллар шакллантирилмоқда, хорижий давлатларнинг тегишли тажриба ва амалдаги йўриқнома-услубий ҳужжатларини ўрганиш бўйича ишлар бажарилмоқда.
Давлат экологик экспертизаси ўтказишнинг интерактив тизимида лойиҳа материалларини ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг ягона электрон базасини юритиш ҳамда уларнинг баҳолаш (рейтинг) тизимини жорий этиш мақсадида лойиҳа материалларининг сифатини баҳолаш учун дастлабки мезонлар ишлаб чиқилди.
Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори ва ўрта даражада хавфи бўлган объектларга «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ жамоатчилик иштирокини таъминлаш механизмининг жорий этилиши ҳам кутилган натижани беради. Зеро, жамоатчилик эшитувлари режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятни атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини ўша ерда яшаётган аҳоли вакиллари иштирокида жойида ўрганиш ва уларнинг мустақил фикрини олиш имкониятини яратади. Бу эса ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг юзага келиши мумкин асосли эътирозларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Буни 2020 йилнинг ноябрь ойида Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, «Памуза» маҳалла фуқаролар йиғини эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “DOBRIY MASLO” МЧЖ томонидан қурилиши режалаштирилаётган кунгабоқар ўсимлигидан ёғ-мой маҳсулоти ишлаб чиқариш корхонасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳаси бўйича ўтказилган жамоатчилик эшитуви мисолида ҳам кўриш мумкин бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан айни пайтда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси аъзо мамлакатлар билан Ўзбекистоннинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш соҳасидаги қонунчилигини таҳлил қилган ҳолда такомиллаштириш бўйича ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати