Бугун 7 сентябрь – Мовий осмон учун тоза ҳаво халқаро куни. 2021 йилда Мовий осмон учун тоза ҳаво халқаро куни мавзуси – «ТОЗА ҲАВО, СОҒЛОМ САЙЁРА».
Кун мавзуси COVID-19 пандемияси шароитларида атмосфера ҳавоси сифатининг муҳимлигига алоҳида эътибор бериш, барча съай-ҳаракатларни бир мақсад сари бирлаштиришга қаратилган.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили ифлосланган ҳаводан нафас олиш натижасида 7 млн.га яқин киши вафот этмоқда. Одамларда астма сингари суранкали касалликлар, болаларнинг ақлий ривожланиши сусаймоқда. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, мамлакатларнинг ҳавонинг ифлосланишидан кўраётган зарари 5 трлн АҚШ долларини ташкил этади.
Қум-туз-чанг бўронлари ва бошқа табиий жараёнлар ҳам ҳавонинг ифлосланишига олиб келади.
Мамлакатимизда атмосфера ҳавосини ифлослантириш даражаси бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилиши яхши маълум. Унга кўра, 2020 йилда атмосферага ташламалар миқдори 2,255 млн тоннани ташкил қилиб, 2018 ва 2019 йилга нисбатан 7 фоизга (155,0 ва 150,0 минг тн) камайган.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати