Ҳисобчининг қинғир иши 3 йил ўтиб фош бўлди
08.
09. 2021
20:44
4571
Новости

Халқимизда «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади», деган пурҳикмат нақл бор.

Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида яшовчи З. Ниязовнинг содир этган жинояти фош этилганида юқоридаги нақлнинг ҳақлигига амин бўлади, киши.

2021 йилнинг февраль ойида Андижон вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан ички бухгалтерия текшируви ўтказилди. Текширув давомида, бош ҳисобчи ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган З. Ниязов бир қанча қонун бузилишларига йўл қўйганлиги аниқланди. Мазкур ишни вилоят прокуратураси ва солиқ органи ҳам ўз назоратига олган.

Муқаддам судланган, 1985 йилда туғилган З. Ниязов 2017 йилда Андижон вилояти «Тоза ҳудуд» ДУКга ишга кирган ва ўз фаолиятини мижозлар бўлимида аҳоли билан шартномалар тузишдан бошлаган. Кейинчалик, 2018 йил 2 февралидан бошлаб корхона ҳисобчисининг ёрдамчиси вазифасига ишга ўтган. Ана шу кундан бошлаб, З. Ниязов ўзининг қинғир истакларини амалга ошириш пайига тушган. У тегишли ҳуқуқларга эга бўлмай туриб, банк операцияларини «банк калити» орқали амалга ошира бошлаган. Корхона маблағларини харажатга ва иш ҳақларига йўналтиришдан ташқари, ора-сира ўз «жиғилдонини» ҳам унутмаган ҳолда, бир қатор молиявий жиноятларга йўл қўйган.

Ўтказилган текширув ва тергов натижаларига кўра, З. Ниязов Андижон вилояти «Тоза ҳудуд» ДУКнинг 353 724 866 сўм пул маблағларини уч йил давомида ўзлаштириб келгани маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан З. Ниязовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 167-моддаси 3-қисми ва ЖКнинг 45-моддаси қўлланилди. Унга кўра, З. Ниязовга 2 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум қилиш, яна бир ЎзР ЖК 228-моддасининг 1-қисми билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, И. Жураев (собиқ бош ҳисобчи), Х. Абдуллаев (бош ҳисобчи) ва М. Ғиёсов (собиқ раҳбар)ларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 11 150 000 сўм жарима қўлланилди.


АНВАР ШЕРОВ,
Waste.uz мухбири

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы