Давлат экология қўмитаси пойтахтимизнинг Отчопар маҳалласидаги дарахтларнинг ноқонуний кесилишини бошқача баҳолай олмайди ва бундай ҳаракатларга нисбатан қатъий курашади.
Аввал хабар берганимиздек, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнидаги бир неча сотихлик жойда 18 дона элдор қарағайи яшнаб турганди. Шу ерни аукцион орқали қўлга киритган фуқаро эса бу дарахтларни бошқа жойга кўчиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилган. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бунга рад жавобини бергандан кейин турфа ўйинлар бошланди.
Дастлаб номаълум кимсалар томонидан тунда 10 та дарахт ярмигача арралаб кетилди. Экологлар эса ушбу дарахтларни қуритмасдан сақлаб қолиш мақсадида Ботаника институти мутахассисларини жалб қилган ҳолда агротехник тадбирларни олиб бориб, уларни асраб қолиш чораларини кўришди.
Лекин табиатга ваҳшийлик қилишни касб қилган кимсалар орадан маълум вақт ўтгандан кейин қора ниқобда яна кечаси шу атрофда пайдо бўлишади. 4 та дарахтни кесиб, воқеа жойидан қочиб қолишади. Бу ернинг эгаси Ж. Г. эса экологлар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят йўллаган. Нима эмиш, дарахт кўчирилишига рухсат берилмагани туфайли унинг ҳуқуқлари бузилганмиш. Суд эса ушбу аризани қаноатлантиришни рад этган.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳи қайд этилган манзилда батафсил ўрганиш ишларини ўтказиб, содир бўлган ҳолатга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Юнусобод туман прокуратурасига топширилди. Тунда дарахтларга атайин шикаст етказаётганларни топиш мақсадида ички ишлар органлари билан ҳамкорликда режали тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг кесилишига жорий этилган мораторий муддатсиз даврга узайтирилган вақтда юз берган бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Модомики, қўмита раҳбарияти ҳуқуқбузарларга нисбатан тез кунда қатъий чоралар кўрилишини изчил назорат қилади ва бу ҳақда жамоатчиликка ахборот бериб боради.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати