Тошкент ҳайвонот боғи. Зузу ҳақида қисқача маълумот
07.
02. 2022
22:36
4392
Новости

«Тошкент ҳайвонот боғи»да содир бўлган воқеа туфайли янгиликлар ва изоҳлар ҳанузгача камайгани йўқ.

Интернет тармоқлари орқали ҳамага танилган Зузу лақабли айиқ Кавказ қўнғир айиқларининг кенжа тури ҳисобланади.

Кавказ қўнғир айиғи 1851 йилда Александр Федорович Миддендорф томонидан илк бор таърифланган кенжа тур ҳисобланади.

Ушбу кенжа тур Кавказда, денгиз сатҳидан 4000-4500 м баландликдаги тоғли ўрмон ҳудудларида тарқалган. Унинг тана узунлиги 2 м гача, вазни эса 320-350 килограммга етади. Ушбу кенжа тур асосан якка тартибда озиқ-овқат излаб кезади. У мевалар, ўсимликларнинг барглари ва ёш новдалари, турли ҳашаротлар ва ҳайвонларнинг мурдалари биланн озиқланади. Кучли хотирага эга. Кўп миқдорда ўсадиган резавор ва қўзиқоринлар жойни осонгина эслаб у ерга йўл топади. У қишда ухлайди, Урғочилари уяда қиш ойларида 2-4 та бутунлай ночор, оғирлиги 500 граммли бола туғади. Айиқ болалари икки йил давомида онасининг ёнида қолади. 40-50 йилгача яшаши мумкин.

Тошкент ҳайвонот боғига Зузу 2017 йилда бир ёшлигида Боку ҳайвонот боғидан олиб келинган. У 2016 йил 11 февралда туғилган. Зузунинг бўйи деярли 2 метр бўлиб, вазни тахминан 180 кг. Зузу яшайдиган вольернинг ёнида эса Маша лақабли айиқ яшайди. У Зузунинг яқин дўсти, у ҳам Боку ҳайвонот боғидан олиб келинган.

Афсуски, Зузуни ёввойи табиатга қўйиб юборишнинг катта хавфи бор, чунки у одамлар томонидан боқиб, тарбияланган. Ўзи учун ҳеч қачон озуқа топмаган ва ов қилишни билмайдиган, умр бўйи одамнинг қўлидан овқат еган ва инсондан қўрқмайдиган айиқ оч қолганда дуч келган аҳоли пунктига боради ва қўрқиб кетган одамлар томонидан ўлдирилиши мумкин. Тутқунликда туғилиб ўсган ва ота-онаси тарбиясини олмаган жониворлар ўз қардошлари билан тил топиша олмайди, овқат топа олмайди, бошқа жониворлар билан рақобатлаша олмайди ва кучлироқ рақибдан ҳимоялана олмайди. Турли юқумли касалликлар ва жароҳат етиши эҳтимолини ҳам назардан қочирмаслик керак.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы