Чилонзор кўчасидаги дарахтларга шикаст етказилиши ҳолати юзасидан расмий баёнот
07.
08. 2022
08:39
6796
Новости

Тошкент шаҳрида дарахтлар шикастланиши юзасидан 2022 йил 6 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, Давлат экология қўмитаси ходимлари томонидан жойига чиқиб дастлабки ўрганиш ишларини амалга оширилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 1-мавзе, Чилонзор кўчаси йўлини реконструкция қилиш жараёнида умумий режалаштирилган 1,4 км йўл таъмирлаш лойиҳасининг 300 метр қисмида эски ирригация тармоқлар (лотоклар) олиб ташланиб, йўлни кенгайтириш ва сатҳини 1 метргача пасайтириш ишлари амалга оширилган.

Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида Чилонзор кўчасидаги мавжуд жами 101 туп дарахтларга, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтларининг илдиз қисмини шикастланганлиги аниқланди.

Дастлабки ўрганиш натижасига кўра, диаметри 45 - 98 смгача бўлган 7 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги маълум бўлган бўлса, қўшимча ўрганиш натижасида яна 2 туп эман жами 9 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги маълум бўлди. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу дарахтларни сақлаб қолиш эҳтимоли хавф остида.

Дастлабки ўрганишларга кўра, Чилонзор кўчасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида қолган 90 дан ортиқ дарахтлар ўсишдан тухтамайдиган даражада шикастланганлиги аниқланди.

Ўрганиш жараёнида иштирок этган  Фанлар Академияси Ботаника институти ҳузуридаги Русанов номидаги “Тошкент ботаника боғи” илмий ходими тавсиясига биноан, илдиз қисмига жиддий шикаст етказилган 9 туп эман дарахтларини сақлаб қолиш қатор агротехник тадбирларни талаб этади.

Тошкент шаҳар, Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларни илдиз тизимига шикаст етказилиши ҳолатлари билан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 32, 37-моддалари талаблари бузилишига олиб келган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дарахтларни илдиз тизими жиддий шикастлантирилганлиги натижасида дастлабки ўрганишларга кўра, ўсимлик дунёсига 420 млн. 450 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги ҳисоб-китоб қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларни амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган.

Ўрганиш натижаларига кўра қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз.
 
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Полезные ресурсы