Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси Дўстлик боғи яқинида ярим тунда дарахтлар кесилганлиги тўғрисида келиб тушган маълумотга асосан Давлат экология қўмитаси, Экологик партияси фаоллари, Тошкент шаҳар экология бошқармаси, Яккасарой туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилди.
22.
11. 2022
22:43
4840
Новости

Ўрганишлар давомида “VINERA TOWER” МЧЖ томонидан қурилиш қилиш мақсадида ҳудуддаги 2 туп қимматбаҳо ва 4 туп кам қимматли бўлган жами 6 туп дарахт тегишли рухсатномасиз, қонунчиликка зид равишда бошқа жойга кўчириб ўтказилганлиги оқибатида  дарахтлар нобуд қилинганлиги, шунингдек, қурилиш учун котлован қазилиши натижасида 4 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказилганлиги аниқланди.


Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 27 сентябрь куни Яккасарой тумани экология бўлими ходимлари томонидан мазкур ҳудудда хатлов ўтказилиб, 22 туп кўп йиллик дарахтлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу дарахтларни кесмаслик бўйича қурилиш ташкилотига мажбурий кўрсатма берилган.


Шунга қарамасдан 2022 йилнинг 21 ноябр куни қурилиш ташкилоти томонидан ушбу 22 туп дарахтларнинг 6 тупи ноқонуний равишда бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилган. 4 туп дарахтнинг эса илдизига шикаст етказилган. Ҳозирда қурилиш ишлари бошланган ҳудудда 16 туп манзарали дарахтлар мавжуд.


Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 32, 37-моддалари талаби бузилиб, ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланди.


Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дарахтларнинг ноқонуний кўчирилиши ва шикастланиши натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўсимлик дунёсига 218 млн 370 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур қурилиш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган.


Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, бундан олдин ҳам 2022 йилнинг 23 март куни “VINERA TOWER” МЧЖ томонидан шу ҳудуддаги 6 туп дарахт ноқонуний равишда кесилган ва ўсимлик дунёсига 430 млн 515 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан тегишли тартибда рамийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим қилинган ва етказилган зарарни ундириш учун 2022 йилнинг 16 сентябрида Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ажрими чиқарилган. 


Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Полезные ресурсы