Халқаро ҳужжатга қўшилиш масалалари муҳокама этилди
30.
11. 2022
19:42
3196
Новости

Бугун пойтахтимизда Биологик хилмахиллик тўғрисидаги Конвенциянинг Нагоя Протоколининг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Давлат экология қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Биологик хилмахиллик тўғрисидаги конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 82-I-сон қарори билан қўшилган.

Биологик хилмахиллик тўғрисидаги конвенциянинг Генетик ресурслардан фойдаланиш имконига эга бўлиш ва уларни қўллашдан олинган нафни тенг асосда фойдаланишни мувофиқлаштирувчи Нагоя Протоколи 2010 йилда қабул қилинган ва 2014 йилнинг октябрь ойида кучга кирган.

Биологик хилмахиллик тўғрисидаги конвенциянинг Нагоя Протоколи халқаро ҳуқуқ мақомидаги битим бўлиб, дунёнинг 131 давлатида, жумладан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонда кучга кирган. Ўзбекистоннинг ҳам ушбу Протоколга қўшилиши юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Нагоя Протоколининг мамлакатимизда генетик ресурсларни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишдаги аҳамиятини аниқлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.

Семинарда соҳа мутахассислари берган таклифларига асосан Ўзбекистон Республикасининг Нагоя протоколига қўшилишини халқаро тажриба, миллий қонунчилигимизга киритиладиган қўшимча ва ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда ҳар томонлама ўрганиш ва тегишли таклифларни умумлаштиришга келишилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Полезные ресурсы