Давлат экология қўмитаси томонидан ҳозирги қорли-қировли кунларда ҳудудларда соҳада амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳ шакллантирилиб, жойларга масъуллар бириктирилган ҳолда тизимли ишлар йўлга қўйилаяпди.
Давлат экология қўмитасида бўлиб ўтган йиғилиш бу борадаги ишларнинг ҳудудлар кесимида ўз вақтида амалга оширилишига бағишланди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда Қўмитанинг ҳудудларда хизмат сафарида бўлиб турган масъуллари, ҳудудий бошқармаларнинг раҳбар-ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Қўмита марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳ зиммасига соҳада амалга оширилаётган ишларни таҳлилий-танқидий ўрганган ҳолда мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича вазифалар юкланган. Бу вазифаларнинг самарали ечими ишчи гуруҳ аъзоларининг масъулият билан ёндашиб, зарурий чора-тадбирларни амалга оширишига бевосита боғлиқ.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, ҳудудлардаги маиший чиқиндиларни йиғиш қамрови ва уларни қайта ишлаш даражасини ўрганиш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни ундириш ҳамда дебитор қарздорликларни сўндириш, аҳолига ўз вақтида, сифатли санитар хизмат кўрсатишни ташкил этиш каби масалалар юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ж. Казбеков иштирок этди.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати