Шаффофликни таъминлашга хизмат қилади
17.
12. 2022
19:01
3388
Новости

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида тадбиркорликни ривожлантиришга янада катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 611-сон қарори ҳам бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармони ҳамда «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида амалиётга жорий этилмоқда.

Мазкур қарорга 4 та илова тасдиқланган бўлиб, уларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган. Жумладан, 
1-иловадаги Низом билан Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш ва юритиш шакллари, китобга киритиладиган текширувлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларни киритиш, китобни тўлдириш тартибига риоя қилишни мониторинг қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тартиблари белгилаб берилган.

 2-илова бўлиб тасдиқланган Низомда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланган. Хусусан, аттестация комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш, аттестациядан ўтказиладиган ходимлар рўйхатини шакллантириш, ходимларни аттестациядан ўтказиш ва унинг натижаси бўйича аттестация комиссияси қарорини қабул қилиш, аттестациядан ўтган ходимга тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома бериш тартиб-қоидалари ушбу Низомда баён этилган. 

3-иловада назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизимларига қўйиладиган минимал талаблар баён этилган. Унда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида хавф даражасини таҳлил қилишга доир умумий талаблар, хавф даражасининг таҳлили давомида ўрганиладиган маълумотлар тоифалари, хавф даражаларининг таснифи ва уларни мезонлашга доир талаблар, таснифланган хавф даражалари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар кўрсатиб ўтилган.

 4-иловада Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорларининг рўйхати келтирилган.

Умуман олганда, ушбу ҳужжат назорат қилувчи орган фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкораликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектининг фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қуйиш, давлат томонидан назорат қилиш тизимининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашда катта ўрин тутади.

Адҳам Қурбонов,
Давлат экология қўмитасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси бошлиғи

Полезные ресурсы