Сўнгги йилларда экологияни муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор туфайли табиатнинг мўъжизакор неъматларини сақлаш, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш борасида тизимда сезиларли ишларга қўл урилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг ташаббуси билан 2020 йилнинг май ойи – «Браконьерликка қарши кураш ойи» деб эълон қилиниши ушбу фикримизни тасдиқлайди.
Жиззах вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Прокуратура, ИИБ ҳамда Миллий Гвардия билан ҳамкорликда Айдар-Арнасой кўллар тизимида қонунбузилиш ҳолатлари ва уларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган назорат рейд тадбирида қир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Айдар-Арнасой кўли Тузкон бўлимининг 99-контури ҳудудида ўтказилган назорат-рейд тадбири давомида тонгги соат 4:40 ларда ўзини Зафаробод тумани «Лолазор» ҚФЙда яшовчи Сардор деб таништирган ва воқеа жойидан қочиб кетган йигитга тегишли бўлган буюмлар кўздан кечирилганда 2 дона резина қайиқ, 2 дона қайиқ насоси, 2 дона аккумлятор, уч дона сазан, 12 дона карас балиғи борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Шу куни ўтказилган назорат-рейд тадбири давомида жами 6 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Улардан жами 6 та резина қайиқ, 9 дона аккумлятор, 2 та электр қармоқ ва 14 дона сазан, 82 дона карас балиғи далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этиш учун жўнатилмоқда.
Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати