Қашқадарё вилояти: Дарё ўзанларининг ўзгариши салбий оқибатларга олиб келади?
25.
05. 2020
12:50
5522
Эконадзор

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарё ўзанларининг қирғоқ минтақаларидан ноқонуний, ўзбошимчалик билан қум маҳсулотларининг олиб кетилиши, дарё ўзанининг ўзгариб кетишига, у ердаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини қирилиб кетишига олиб келади. Шу боис бундай хатти-ҳаракатларни амалга ошириш тегишли қонун ҳужжатлари билан таъқиқланади ва назорат қилинади.

Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси давлат инспекторлари томонидан жорий йилнинг 19 май куни ўтказилган назорат рейд тадбирлари давомида бир нечта мана шундай қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, вилоятнинг Қамаши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёси ўзани оқим бўйлаб чап тарафида Давлат экологик назорат рейд тадбири ўтказилди. Ўтказилган назорат рейди давомида Қамаши тумани Чим қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида фуқаро Жабборов Собир исмли шахснинг топшириғига асосан экскаваторни таъмирлаш баҳонасида Қамаши тумани Пасттол қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Эшқуватов Бахтиёрга НОWO русумли 70 103 UAA ва 70 104 UAA давлат рақамли юк автомашиналарга дарёнинг қирғоқ минтақасидан қум қазиб юклаган вақтида тўхтатилганда юк автомашина ҳайдовчилари қонуний талабга бўйсунмасдан ҳолат жойидан кетиб қолди.

Ҳолат жойида экскаватор ҳайдовчиси ва таъмирлаш ишларини амалга ошираётган шахсларга уларнинг бу ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва қонуности ҳужжатлари талабларига зид эканлиги тушунтирилди.

– Фуқаро Собир Жабборов олдин ҳам яъни ўтган 2019 йилда ва жорий йилда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ва бошқарма давлат инспекторлари томонидан бир неча марта огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан ноқонуний равишда қум қазиб, турли транспорт воситаларига юклаш ишларини тўхтатмаяпти, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси етакчи мутахассиси Шерзод Саломов. – Фуқаро С. ва НОWO русумли 70 103 UAA ва 70 104 UAA юк автомашиналари ҳайдовчилари ҳамда экскаватор ҳайдовчиси Ўзбекистон Республикаси «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Экологик назорат тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги «Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги қарорларида кўрсатилган тартибларни бузган.

Шунингдек, тадбир давомида С.Жабборов томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларини сувни муҳофаза қилиш ва санитария муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги қарори 8-боб, 61-бандида кўрсатилган талабларга зид равишда сувни муҳофаза қилиш минтақасида яшаш бинолари қурганлиги аниқланди.

Юқоридаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан фуқаролар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Шунингдек, ўтказилган назорат рейди давомида Қашқадарё дарёсининг қирғоқ минтақасида давлат рақамсиз ГАЗ 53 русумли юк автомашинасида фуқаро Мўминов Ҳусниддин Тўрақул ўғли ва ЗИЛ русумли 70 У787LA юк автомашинасида Норбоев Фахриддин Ҳасановичлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз ноқонуний равишда ҳолат жойидан қочиб кетган шахси номаълум фуқароларга қум қазиб юклатаётганлиги аниқланди.

Бу тўғрисида ҳам жойнинг ўзида тегишлича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ноқонуний ҳолат юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш учун бошланғич ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шу билан бир қаторда Қамаши тумани «Чим» ҚФЙ ҳудудидан оқиб ўтган дарё ўзани ва сувни муҳофаза қилиш минтақасида саноат ва маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари аниқланди. Бу тўғрисида туман ҳокимлиги ва «Чим» ҚФЙ раисига амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатимиз жавобсиз қолди.

Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда бошқа ташкилот муассасаларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгилаб берилган бўлсада, «Чим» ҚФЙ раиси ва маҳалла фаоллари бу масалага панжа ортидан қарамоқда.

Давлат мулки ҳисобланган дарё ўзани ва қирғоқ минтақасидан доимий равишда ноқонуний даромад олиш учун бир гуруҳга бирлашган броконерлар фаолиятларини бемалол амалга оширмоқда.

Бу ҳолатга чек қўйиш ҳуқуқбузарларга қонунчиликда белгиланган таъсир чораларини кўриш ва аҳоли ўртасида профилактика ишларини доимий равишда амалга ошириб келинишига қарамай ушбу ҳолат ҳамон давом этиб келмоқда, афсуски.

Соҳага алоқадор мутасаддилар бундай салбий ҳолатларнинг оқибатларини камайтириш бўйича таъсирчан чораларни янада кучайтиради деган умиддамиз.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/darye-zanlarining-zgarishi-salbiy-o-ibatlarga-olib-keladi-25-05-2020

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Полезные ресурсы