Сурхондарё вилояти: Беш ойда 1 минг 518 табиат кушандаси аниқланди
05.
06. 2020
15:49
7544
Новости

Кўҳитанг тоғ тизмасининг шарқий ёнбағридаги «Сурхон» давлат қўриқхонасида тоғ-ўрмон экотизими, ўзига хос ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, арчазор ўрмонлар муҳофаза қилинади.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жуда сероб табиий ҳудуднинг умумий ер майдони 23 минг 802 гектар бўлиб, шундан 12 минг 239 гектардан зиёди яшил бойлик билан бурканган. Денгиз сатҳидан 850 метрдан 3 минг 137 метргача баландликдаги ҳудудда 900 дан ортиқ турдаги ўсимлик учрайди. Бу ерда «Қизил китоб»га киритилган Қўқон зағозаси, Литвинов лолақизғалдоғи, Максимович равочи, Грек ёнғоғи, аччиқ ҳамда тиканакли бодом, сохта янтоқ, дуғбай сингари кўплаб ўсимлик ва дов-дарахтлар ўстирилмоқда. Туркистон лаққачаси балиғи, Ҳинд бойгаси, чўлмиққийси қуши, маллабош лочин, суд эмизувчилардан бурама шохли эчки, Бухоро тоғ қўйи, Туркистон силовсини сингари камайиб бораётган турли жониворлар яшайди.

Қўриқхонада Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган 26 турдаги судралиб юрувчилар, 18 турдаги ноёб ҳайвонлар ва 136 турдаги қушлар учрайди. Жарқўрғон туманидаги «Оқтепа» боғи ҳам ўзининг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан кишини лол этади. «Цангардак» шаршараси, Омонхона, Хўжаипок, Хўжамайхона сингари шифобахш булоқ сувлари, Бойсун, Сариосиё, Узун каби туманлардаги ўрмон хўжаликлари ҳам мафтункорлиги билан кўзларга қувонч улашади.

Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, бизнинг асримизга келиб, жаҳондаги кўплаб экотизимлар захиралари деярли бутунлай тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутмоқда. Бу жараёнга дунёда аҳолининг ўсиб бориши, иқтисодий ривожланиш ва бошқа омиллар ҳам ўз таъсирини ўтказаётгани сир эмас. Ваҳоланки, атроф-муҳит соғломлиги, иқтисодиёт самарадорлиги ва обод ҳаётимиз мавжуд табиий ресурсларни оқилона бошқариш ҳамда улардан тежаб фойдалана олишимизга бевосита боғлиқ.

Кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазасига қаратилаётган юксак эътибор табиат инъом этган ноёб туҳфаларни қадрлаш, мавжуд бой биологик хилма-хилликни асраб-авайлашни янги босқичда давом эттиришга қулай муҳит, кенг имконият яратди. Юзага келган экологик барқарорликни таъминлашнинг энг самарали йўлларини белгилаб берди. Шунга мувофиқ мамлакатимизнинг жанубдаги воҳасида ҳам жорий йилдан мевали ва манзарали дарахтларни ҳисобга олиш тизими жорий этилгани бунга яққол далилдир. Бунда рўйхатга олинган дов-дарахтларга махсус кодли рақам илиниб, электрон базага киритилаётгани аҳамиятли бўлмоқда.

Тўғри, вилоятда кўчат экиб, янги боғлар яратиш азалдан ажойиб анъана бўлиб келган. Жумладан, биргина шу йилнинг ўзида 10 миллионга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилиб, саккиз миллиондан ортиқ қаламча қадалди. Лекин, ҳозиргача уларнинг ҳисоб-китоби юритилиб, ҳеч ким назорат қилмаган. Воҳада қанча мевали, қанча манзарали дарахт борлигини ёки янги экилган кўчатлардан қанчаси унмай қуриб қолганини ҳам ҳеч ким билмас эди. Яшил бойликларга янгича ёндашув ҳар бир дарахтнинг ҳисобини юритиш имкониятини яратди. Шу асосда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман, шаҳар инспекциялари ходимлари жойлардаги мавжуд дарахтларни хатловга олиб, уларнинг аниқ реестрини тузмоқда. Дарахтларнинг номи, сони ва уларга бириктирилган масъул шахслар ҳақидаги маълумотларни ўрнатаётир. Эндиликда электрон базага киритилган ҳар бир дарахтнинг ўсувчан ва ўнувчанлиги мониторинг қилиб борилади. Бу тартиб одамларда мавжуд дарахтлар давлат назоратида эканини ҳис этиб, берухсат кесилиши, қуриб қолиши ва бошқа ҳолатларнинг олдини олади. Яшил дунё парвариши ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга масъулиятни янада оширади.

Содда қилиб айтганда, ҳар бир новданинг, дарахтнинг сўрови бўлади. Бироқ, экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган, бу соҳада тарғибот ва қатъий назорат тадбирлари олиб борилаётган бўлсада, жойларда ҳамон табиатга бепарволик билан муносабатда бўлиш ҳоллари тўлиқ барҳам топгани йўқ. Масалан, йилнинг ўтган даврида ўтказилган рейд тадбирларида 144 шахснинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун талабларини бузгани аниқланиб, 158 миллион 664 минг 500 сўм маъмурий жарима қўлланилди.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳаси бўйича давлат инспекторлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 344 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунбузарларга нисбатан 38 миллион 467 минг 632 сўм маъмурий жарима белгиланди. Ер ресурслари бўйича 213 нафар шахс, ер ости бойликлари бўйича 36 киши маъмурий жавобгарликка тортилди. Чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланишининг олдини олиш, сув ва сувларни ифлослантириш каби йўналишлар бўйича ҳам тезкор тадбирлар ташкил этилиб, қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хуллас, жорий йилнинг ўтган беш ойида вилоятда 1 минг 518 ҳуқуқбузарга нисбатан иш қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига асосан 490 миллион 525 минг 808 сўм жарима чораси қўлланилди. Маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 20 нафари мансабдор шахслар. Табиатга етказилган зарар 437 миллион 661 минг 220 сўмни ташкил этди.

Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузаётган бундай шахслар аниқланиб, улардан етказилаётган зарар ундириб олинаётир. Афсуски, бу ҳолатлар ҳали орамизда табиат бойликларига тўғри муносабатда бўлмаётганлар борлигини кўрсатаётир. Бу воҳада кенг жамоатчиликни бирлаштириб, она табиатни авайлаб-асрашни, атроф-муҳит муҳофазасига эътиборни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
 

Баҳодир УРУНОВ,
Сурхондарё вилоят экология ва
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи

Манба: http://uza.uz/oz/society/besh-oyda-1-ming-...

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


Полезные ресурсы