«Ўзгидромет»нинг май ойидаги мониторинги бўйича Олмалиқ шаҳри атмосфера ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлиб чиқди» сарлавҳа остидаги мақола юзасидан муносабат
15.
06. 2020
10:52
6109
Новости

Жорий йил 10 июнь куни daryo.uz сайтида «Ўзгидромет»нинг май ойидаги мониторинги бўйича Олмалиқ шаҳри атмосфера ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлиб чиқди» сарлавҳа остидаги мақоласи юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Олмалиқ шаҳар инспекцияси, Олмалиқ шаҳар гидрометеорология маркази, «Аммофос-Максам» АЖ, «ОКМК» АЖ, «JURABEK LABORATORIES» Қ.К. ва Олмалиқ шаҳар марказий шифохонаси масъуллари иштирокида учрашув ташкил этилиб, масала атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Олмалиқ шаҳар гидрометеорология маркази томонидан жорий йил май ойида ўтказилган мониторинг таҳлил натижаларига асосан шаҳар атмосфера ҳавосида чанг моддаси 1,3 маротаба ва фенол моддаси 1,4 маротаба рухсат этилган меъёрдан ортганлик ҳолатлари аниқланганлиги маълум бўлди.

«Аммофос-Максам» АЖ, «ОКМК» АЖ ва «JURABEK LABORATORIES» Қ.К. вакилларининг берган маълумотларида эса май ойида атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар ва санитар-ҳимоя ҳудудларида амалга оширилган таҳлиллар барча ифлослантирувчи моддалар бўйича ўрнатилган меъёрдан ортганлик ҳолатлари кузатилганлиги баён этилган.

Атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддаларнинг ортганлик ҳолати Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасида «қўлбола» усулида яратилган эритиш (муфел) печида ҳосил бўлган тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилиш (утилизация) жараёнида ҳосил бўлганлиги аниқланди. Мазкур масала юзасидан, марказий шифохона Бош шифокори ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилиш учун тегишли ташкилот билан шартнома тузиш ишлари охирига етказилмаганлиги сабабли ҳосил бўлган тиббиёт чиқиндилари амалдаги қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда чиқиндиларни «қўлбола» усулда ясалган жиҳозда ёқиш орқали йўқ қилинганлиги маълум қилган. Ваҳоланки, мазкур масала юзасидан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Олмалиқ шаҳар инспекцияси шифохона раҳбариятини бир неча бор огоҳлантирган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 4- ва 20-моддалари, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8- ва 24-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, шифохонанинг мансабдор шахсига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баробари (1 561,0 минг сўм) миқдорида маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, бундай ҳолатларни келтириб чиқармаслик юзасидан огоҳлантириш берилган.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


Полезные ресурсы