Самарқандда ақлли чиқинди қутилари ўрнатилади
21.
07. 2020
19:21
6105
Новости

Хабарингиз бор ўтган йил якунида Самарқандда Франция Тараққиёт Агентлиги (ФТА) иштирокида «Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндилар бошқарувини модернизация қилиш» лойиҳаси ўз ишини бошлаган эди.

Умумий қиймати 37,167 миллион еврони ташкил этган мазкур лойиҳа асосида 80 дона замонавий чиқинди ташишга мўлжалланган юк автомашиналари харид қилиниб, «Мароқанд обод» давлат унитар корхонасига топширилганди.

- Лойиҳа шартларига кўра шаҳар кўчаларига жорий йилнинг январь ойидан эътиборан 2100 дона замонавий кўринишдаги чиқинди контейнерларини босқичма-босқич ўрнатиш йўлга қўйилган, – дейди экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича шаҳар инспекцияси бош мутахассиси О. Облоқулов, - Ҳозирда геотехник изланишлар ва лойиҳалаш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда консультант томонидан «Мароқанд Обод» ДУК имкониятларини ошириш режаси ишлаб чиқилган. Бугунги кунда чиқиндилар полигони, гараж ва 150 та чиқинди йиғиш шохобчалари қурилиши деталь лойиҳаси асосида чиқинди йиғиш шохобчалари қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Полигон ҳудудини топографик ва геотехник ўрганиш ишлари ва лойиҳа бўйича тегишли чораларни амалга ошириш жараёни давом этмоқда. Шу кеча кундузда 41 та шохобчани капитал қайта тамирлаш мақсадида махсус ерни танлаш ва лойиҳалаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, шу кунларда келгусида Гео-информацион тизим ва чиқинди бошқарув (рақамли) тизимини яратиш устида техник шартлар ишлаб чиқилиб, бу борада кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалиётга татбиқ этилмоқда.

О. Облоқуловнинг қўшимча қилишича, рақамли тизим аҳоли томонидан ташланаётган чиқиндилар учун махсус ақлли чиқинди қутуси бўлиб, автомат тарзда чиқиндини турларга ажратган ҳолда ўзида қабул қилади. Мазкур чиқинди қутилари тўлган ёки тўлмаганлиги марказлашган ҳолда назорат қилинади. Таъкидлаш жоизки, Франция тараққиёт агентлиги иштирокида «Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида бугун шаҳримизда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш, йилига 360 минг тонна чиқиндиларни тўплаш, йиғиш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилояти экология бошқармаси
Ахборот хизмати

Манба: http://www.samarkandnews.uz/post/5334

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы