Давлат экологик экспертизасини ўтказиш тизими рақамлаштирилди
03.
08. 2020
09:44
5428
Новости

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида соҳада жорий этилган интерактив хизматлар лойиҳалари тақдимотига бағишланган видеоселектор ўтказилди.

Унда тизимда фаолият юритаётган мутахассислар томонидан «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш, уларнинг сифатини янада ошириш ва коррупция ҳолатларини бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда қўмита томонидан ҳудудларда юқори ва ўрта даражада хавфли тоифага мансуб объектларни давлат экологик экспертизасидан ўтказиш, компенсация тўловларини қўллаш тизимларини рақамлаштириш борасида янги интерактив хизматлар лойиҳалари жорий этилди.

Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасини ўтказиш тизими 23 йил аввал, яъни 1997 йили жорий этилган бўлиб, ушбу тизимнинг асосий мақсади режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда фаолиятни амалга ошириш мумкинлигини аниқлашдан иборат.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш хавфи мавжуд бўлган 150 миндан ортиқ ишлаб чиқариш объекти фаолият кўрсатмоқда. Шундан 9 мингтаси I ва II тоифага, 8 минг 800 таси III тоифага, 3 мингтаси эса IV тоифага мансуб бўлган корхоналардир. Бугунги кунда амалдаги давлат экологик экспертизаси тўрт босқичда амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида, маълум муддатни талаб қилади. Хусусан, кейинги йилларда ўртача йиллик лойиҳа ҳужжатлари кўриб чиқиш сони 25 мингтани ташкил қилган.

Тадбирда тизим фаолиятидаги бу каби ҳолатлар таҳлил қилинганда, мавжуд механизм замон талабларига мос келмаслиги айтиб ўтилди. Авваллари экспертиза хулосасини олиш, айниқса, вилоятлардаги буюртмачилар, яъни тадбиркорлар учун кўплаб муаммоларни юзага келтирган. Масалан, республиканинг чекка ҳудудидаги буюртмачи шартнома олиш учун Тошкент шаҳрига бир келса, лойиҳани тасдиқлатиш учун яна такрор келишга тўғри келган. Қолаверса, марказ ходимлари томонидан тақдим этилган лойиҳа атрофлича ўрганилиб, якуний хулоса берилгунга қадар буюртмачи узоқ вақт кутишига тўғри келган. Бу жараёндаги ортиқча маблағ ва вақт сарфланиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлган.

Бугунгача тизимда эскича қоғозбозлик тизими сақланиб қолгани сабабли хулосалар ва экологик лойиҳаларнинг бир нусхаси қоғоз кўринишида ишлаб чиқариш объектига тақдим этилган, иккинчи нусхаси архивга топширилган эди.

Шуни инобатга олиб Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан давлат экологик экспертизасини ўтказиш тизими интерактив хизмат сифатида электрон кўринишида ишга туширилди.

Мазкур қулайлик туфайли буюртмачиларнинг аризалари ва давлат экологик экспертизаси материаллари электрон шаклда топширилади.

Давлат экологик экспертизаси хулосалари электрон кўринишда буюртмачиларнинг шахсий кабинетлари орқали электрон имзо билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилади.

Шунингдек, хизматлар учун белгиланган тўловлар оферта кўринишида электрон равишда барча онлайн тўлов амалиёт турлари орқали амалга оширилади.

Тадбирда мутахассислар томонидан ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги вазифалар келишиб олинди.
 

Абдулазиз МУСАЕВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/davlat-ekologik-ekspertizasini-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


Полезные ресурсы