Паррандачилик фабрикаларидан чиқувчи оқова сувни тозалашда янги тажриба
06.
08. 2020
09:58
5863
Новости

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида «Паррандачилик фабрикалари қушхоналаридан чиқувчи оқова сувларнинг экологик хавфини камайтириш» мавзусида илмий лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган тақдимотда оқова сувларни тозалаш муаммоси билан шуғулланувчи ҳамда тадқиқотлар олиб борувчи турли ташкилотлар, идоралар мутахассислари, вазирликлар вакиллари, олимлар, экологлар ва экспертлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, мазкур илмий лойиҳа институтнинг Сув ресурсларини муҳофаза қилиш лабораторияси томонидан ишлаб чиқилган. Асосий мақсади – сув ресурсларини парранда фабрикаларининг сўйиш цехларидан чиқадиган, таркибида қон оқсили, ёғи, товуқ гўшти бўлакларга ажратилишида чиқадиган турли чиқиндиларни ўзида жамлаган катта миқдордаги органик ифлосланишлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шунингдек, паррандачилик фабрикалари ва кичик аҳоли пунктларидаги биологик ҳовузларнинг хўжалик маиший оқова сувларини биоценоз иншоотлар биоремедиацион салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, оддий ва арзон технологияларни ишлаб чиқишни ҳам қамраб олади.

Маълумки, паррандачилик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам мавжуд муаммолар ечими сифатида фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини янада кучайтириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбир иштирокчилари паррандачилик фабрикаларидан чиқадиган оқова сувларни тозалаш муаммоси дунёнинг турли мамлакатларида турлича намоён бўлаётгани ҳақида фикр билдирди. Хусусан, ушбу мавзудаги тадқиқотларнинг асосий йўналишлари паррандачилик фабрикаларида парранда гўштини қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган оқова сувларни тозалашнинг янги технологиялари энерготежамкор ва иқтисодий камхаржликка қаратилган.

Тақдимот давомида мазкур лойиҳа маҳаллий арзон материаллардан фойдаланиш, энергия сарфининг камлиги, тозалаш учун фойдаланиладиган реагентларнинг минималлиги сингари бир қатор устунликларга эгалиги таъкидланди. Айниқса, аҳоли пунктларининг санитар фаровонлигини таъминлаш ва атроф-муҳитнинг табиий экологик ҳолатини сақлаш каби ижтимоий аҳамияти билан ҳам ажралиб туради.

Буларнинг барчаси паррандачилик фабрикалари сўйиш цехларидан чиқадиган оқова сувлар тўпланадиган биологик ҳовузлар сувларини табиий ҳавони ҳайдаш йўли билан Ўзбекистон ички бозорида тозалаш иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш йўли билан ташкил қилиш мумкин.

Шунингдек, ушбу лойиҳа қайта тозаланмаган оқова сувларнинг тупроққа ва сув манбаларига тушишининг олдини олади, атроф-муҳитга антропоген таъсирнинг камайишига олиб келади.

Абдулазиз Мусаев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/parrandachilik-fabrikalaridan-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы