Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш масалалари муҳокама қилинди
10.
08. 2020
21:32
5914
Новости

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича 10 август куни йиғилиш ўтказди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган тадбир бошида давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Хусусан, барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва тиббий ускуналар сони бир неча баробар кўпайтирилгани, тез тиббий ёрдам ва даволаш сифати яхшилангани натижасида охирги бир ҳафтада мамлакатимиз бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи ошгани қайд этилди. Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда, пандемия шароитида яшаш ва ишлашда давом этиш, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш муҳимлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашга муҳим сиёсий масала сифатида қаралмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилиб, Орол бўйидаги шаҳар ва туманларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар жадал амалга оширилмоқда. Атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида бу масалалар янада долзарб аҳамият касб этади.

– Чиқинди тизимини тартибга солиш – ҳаётимиз, соғлиғимиз учун энг муҳим вазифалардан бири. Бу инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, миллат келажаги билан боғлиқ долзарб масала, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги уч йилда чиқиндиларни бошқариш соҳасига бюджетдан ажратилган 390 миллиард сўм ҳисобига 742 та махсус техника сотиб олинган, 204 та полигон модернизация қилинган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳада муаммолар ҳали кўплиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Избоскан, Ғузор, Чуст, Бувайда, Ургут ва Шаҳрихон туманларида тозалаш хизмати қамрови республика кўрсаткичидан 2 баравар паст. Тошкент вилоятида бюджет ҳисобидан олинган 32 та, Қашқадарёда 23 та махсус техника талон-торож қилинган. «Тоза ҳудуд» корхоналарининг дебитор қарздорлиги юқори.

Жорий йил март ойида ўтказилган йиғилишда соҳадаги ишлар танқид қилиниб, тегишли топшириқлар берилган эди. Бугун уларнинг ижроси кўриб чиқилди, қўшимча вазифалар белгиланди.

Ҳозирда санитар тозалаш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 66 фоизни ташкил этади. Йиғилишда йил якунигача бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш, соҳага хусусий корхоналарни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Чиқиндиларни қайта ишлашни тартибга солиш бўйича 14 та ҳудуддаги туманлар кесимида алоҳида қарорлар қабул қилиниши ҳамда уларнинг ижроси юзасидан назорат тизими йўлга қўйилиши белгиланди.

Нодавлат сектор чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда яхши самара бермоқда. Қаерда шундай корхоналар ишлаётган бўлса, хизмат сифати ҳам юқори, аҳоли ҳам рози. Мисол учун, «Био Техно Эко» компанияси 6 миллион доллардан зиёд кредит ҳисобига 78 та махсус техника ва ускуналар харид қилиб, Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги 285 минг аҳолига тозалаш хизмати кўрсатмоқда.

Жойларда шундай лойиҳа қиламан, деган тадбиркорлар кўп. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга Қорақалпоғистон ва вилоятларда давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Ушбу лойиҳалар ҳисобига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини йил якунигача 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказиш зарурлиги белгиланди.

Санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган 51 та чиқинди полигонини мақбуллаштириш, бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари учун 26 та полигон ҳамда уларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этиш муҳимлиги айтилди.

Йиғилишда халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган маблағлар натижадорлиги ҳам муҳокама қилинди.

Мутасаддиларга бу маблағлар эвазига бошланган лойиҳаларни жадаллаштириб, қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари соҳани камхарж ва тежамкор техникалар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Муҳокамада экологик назоратни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Айрим заводлар ҳавога меъёрдан ортиқча ташланма чиқариб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Шу боис Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳаво ифлосланишини тезкор таҳлил қиладиган мобил лабораториялар билан ҳар бир ҳудудни таъминлаш топшириғи берилди. Бош вазир ўринбосарига атроф-муҳитга юқори ва ўрта хавфли 240 та йирик саноат корхонасида замонавий локал тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарияти ҳамда вилоят ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди.

ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/politics/atrof-mu-itni-mu-ofaza-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы