«Табиатнинг нур соябони»
28.
08. 2020
16:59
6058
Новости

«Табиатнинг нур соябони»

   
Халқаро Озон қатламини ҳимоя
қилиш кунига бағишланади
 

Яралмишдан турфа ранг олам,
Қобиқлардан иборат ҳаёт.
Онг кўксига сиғмайди-бирдам,
Уларсиз кун кўрмас одамзот.

Ер шаримиз сузар муаллақ,
Унда ҳаво, сув, тупроқ айро.
Барин шундай жойламишдир Ҳақ,
Бири бирин қилади даъво.

Ер ҳам қатлам, осмон ҳам қатлам,
Ҳар қатнинг бор ўз вазифаси.
Тизимлардан тузилган олам,
Улар билан бугун, эртаси.

Олаётган ҳар нафасимиз,
“Атмосфера” деган қобиқдан,
Кун кўрардик ҳозир қайсимиз,
Унинг билан омонда ҳар тан.

Таратмоқда Қуёш заррин нур,
Барқ урмоқда барглар ям-яшил.
Бу “Соддалик” асли сал чуқур,
Йўллар аро бўлади ҳосил.

Қуёш олов тегса кул қилар,
Тўғри келиб тушса осмондан.
Кучли нурни бизга фильтрлаб,
Ўтказади ҳаво Озондан.

“Озон” нима? – бу бир беминнат,
Табиатнинг нур соябони.
Унинг сабаб унади дарахт,
Тутиб турар Қуёш фиғонин.

Ҳаво ичра бу қатлам шундай,
Юпқагина, майин бир парда.
Заҳри қотил нурни юбормай,
Ушлаб қолар шу нозик танда.

Аммо ҳозир шу нозик танга,
Тирқиш сабаб берилмиш озор.
Туйник ҳосил бўлган осмонда,
“Осмондаги гап” деманг бекор.

Ўз айбимиз ўзимизга дард,
Техникани қилдик эъзозлар.
Чегара ҳам билмай қолди ҳад,
Осмонни ҳам “тешди” ис газлар.

Хлор, фтор, бром, фреон,
Бу саноат томирида қон.
Шу кабилар туфайли Озон,
Кўкси ёриқ турар беимкон.

Туйниклардан эса мўралар,
Муз эритар олов нурлари.
Ер юзида иқлим ўзгарар,
Касалликнинг ортиб турлари.

“Саратон”нинг нелигин билар,
Энди тилга кирётган гўдак.
Кўпаймоқда қақраган чўллар,
Иссиқликнинг тафтидан ҳалак.

Ўсимликлар сийраклаб борар,
Ҳайвонлар генида ўзгариш.
Биз ҳавога юборган зарар,
Қилмоқдадир дард билан қайтиш.

Ўз танасин илдизин узиб,
Жарга отар бу кун одамзот.
Бир кемада муаллақ сузиб,
Бир чеккадан қилмоқда барбод.

Муаммолар кўпдир оламда,
Бу муаммо эмас-бу хатар.
Дунё деган битта Ватанда,
Бирлашмоқлик керак жон қадар.

Ҳар онг учун, ҳар бир тан учун,
Оғриқли бир нуқтадир Озон.
Ҳавога биз жўнатган учқун,
Йиллар бўйи қиларкан тўзон.

Баланд парвоз гап дерсиз балки,
Мен гулларни яхши кўраман.
Улар учун зарарми токи,
Сочимга лак сепмай қўяман.

Ўзгармасдир балки, ҳеч нарса,
Балки, бу бир зарра ҳам эмас.
Лек, бу истак билан муроса,
Томчидан кўл бўлмоғига сас.

Қайсидир ном таратган одам,
Ё файласуф учунмас дунё.
Ҳар биримиз ташлайлик қадам,
Табиатга излайлик шифо.

Тўхтатайлик, мумкин эмасми,
Кўз кўрмаса, Ҳақ кўриб турар.
Тараққиёт деган “Ҳавас”ни,
Фреонсиз қилсак ҳам бўлар.

Ташаббус ҳам бу бир матонат,
Туйнук ёпмас гўзал тилаклар,
Грета Тунбергдек серғайрат,
Дунёмизга керак “Юраклар”.

Экофаол шу ёш қизчанинг,
Ёнишича ёнса ҳар одам.
Табиат ҳам ҳозир шунчалик,
Тутмасмиди осмонда “Мотам”.

Вирус сабаб чалғидикмикин,
Сергак тортти фикр – ўйимиз.
Ёш қалбида “Сайёра” юки,
“Олов ичра” дейди уйимиз.

Аслин олсак шу хавфли вирус,
Эмасмикин “танглик” ҳосили.
Чиқиндилар олиб “тождор” тус,
Ҳужум қилди, балки, охири.

Пандемия сабаб қулатдик,
Дунё қурган чегараларни.
Табиат деб шундай бирлашсак,
Кўрардик зўр самараларни.

Буюк ишлар буюкларники,
Менга нима демайлик энди.
Ҳаммамиз-чун ҳаётнинг тонги,
Бирдамликнинг хонаси келди.

Ҳар ким қўшсин қўлдан келганча,
Софлик учун ўз ҳиссасини.
Ҳеч бўлмаса ерга отмасин,
Емакларнинг пакетчасини.

Яна айтгум бу баланд парвоз
Гаплар эмас, бу Дунё ғами.
Тупроғини қилайлик эъзоз,
Бу покиза зотлар Ватани.

Не бўлса ҳам дилда илинж бор,
Умид ёниқ, ёриқлардан ҳам.
Виждон ила қилсак эътибор,
Бўлармидик дунёга Малҳам.

 
 

Мавлуда Эсанова
2020 йил.
“Озон – ҳаёт учун” онлайн танлови учун
.

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


Полезные ресурсы