Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
15.
09. 2020
08:22
5848
Новости

Йиғилишда «Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳасининг асосий ғояси – бу экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жиноят ва маъмурий жавобгарликнинг янги механизмларини амалга жорий этиш орқали ўсимлик дунёси объектларини, айниқса, дарахт ва буталарни муҳофаза қилишнинг чораларини кўришдир.

Қонун лойиҳасининг мақсади эса дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний равишда кесиш, уларни йўқ қилиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки кўчириб ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарликнинг муқаррар эканлиги билан огоҳлантириш билан бу йўналишда профилактика ишларини олиб боришдан иборат.

Таъкидланишича, лойиҳада Ўзбeкистон Рeспубликaсининг Жиноят кодeкси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат экологик назоратини амалга ошириш, шунингдек, жисмоний ёки мансабдор шахсларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этишда жавобгарлик доирасини кенгайтириш ва кучайтириш белгиланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 198-моддаси бўйича биринчи қисмининг санкциясида «эллик бараваригача» сўзлари «эллик бараваридан юз бараваригача», иккинчи қисмининг санкциясида «эллик бараваридан етмиш беш бараваригача» сўзлари «юз бараваридан юз эллик бараваригача», шунингдек, учинчи қисмининг санкциясида «етмиш беш бараваридан юз бараваригача» сўзлари «юз эллик бараваридан икки юз бараваригача» сўзлари билан алмаштирилиши белгиланиб, жавобгарлик чоралари икки бараварга кучайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликлар ғайриқонуний кесилиши, кундаков қилиниши, йўқ қилиниши, шикастлантирилиши ёки бошқа жойга кўчирилишининг олдини олиш таъминланади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы