Фракция йиғилишлари. Ўсимлик дунёси объектларини сақлашга эътибор кучайтирилади
15.
09. 2020
08:41
5573
Новости

2020 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Ресубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ялпи мажлисга киритилиши режалаштирилаётган қонун лойиҳалари, қонун ташаббускорлари ва ишчи гуруҳлари аъзолари ҳамда депутатлар иштирокида ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилинди.

Депутатлар мазкур ҳужжатларни батафсил таҳлил қилган ҳолда қонун ташаббускорлари ва ишчи гуруҳлар аъзоларига, қонун лойиҳаларини кейинги ўқишларга тайёрлаш жараёнида янада такомиллаштириш ва маромига етказиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Жумладан, фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишга киритилаётган асосий мақсади – дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний равишда кесиш, уларни йўқ қилиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки кўчириб ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарликнинг муқаррар эканлиги билан огоҳлантириш билан бу йўналишда профилактика ишларини олиб боришдан иборат бўлган «Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси чуқур муҳокама қилинди.

Қонун ташаббускорлари томонидан қурилиш суръатлари ва ҳажмининг ортиши муносабати билан дарахтлар ва буталарнинг ғайриқонуний равишда кесилиши, амалдаги қонун ҳужжатларида жавобгарлик белгиланмаганлик учун кейинчалик кесиб ташлаш мақсадида дарахтларни кундаков қилиш ёки уларни ўсишдан тўхташгача шикастлантириш, шунингдек, уларни бошқа жойга кўчириб ўтқазиш ҳолатларининг ошиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди. Мисол тариқасида 2019 йилда республика бўйича 3 996 та дарахтлар ноқнуний кесилган бўлса, 2020 йилнинг 1 май ҳолатига бу кўрсаткич 4 758 тани ташкил этаётганлигини таъкидланди. Бундан ташқари, дарахт ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш, уларни кундаков қилиш ёки кўчириб ўтказишда маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ва маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш каби жазо турининг йўқлиги сабабли, бу борадаги маъмурий жавобгарликларнинг сони юқорилигича қолаётганлиги, шунингдек, жойларда мансабдор шахслар томонидан ўзларига фойдаланиш учун ажратилган ёки бириктирилган дарахтларни сақлаш ва муҳофаза қилиш чораларининг кўрмаётганлиги қонун лойиҳасини қабул қилишга асосий сабаб бўлаётганлигини қайд этишди.

Шу муносабат билан қонун лойиҳаси билан Ўзбeкистон Рeспубликaсининг Жиноят кодeкси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат экологик назоратини амалга ошириш, шунингдек, жисмоний ёки мансабдор шахсларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этишда жавобгарлик доирасини кенгайтириш ва кучайтириш, яъни жарима санкцияларини ошириш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликлар ғайриқонуний кесилиши, кундаков қилиниши, йўқ қилиниши, шикастлантирилиши ёки бошқа жойга кўчирилишининг олдини олиш таъминланади. Шунингдек, мансабдор ва жисмоний шахсларни соҳага оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик муқаррар эканлигини таъминлаш орқали унинг олдини олишга, ўсимлик дунёси обектларини сақлашга эътиборни кучайтириш билан ҳуқуқбузарликларнинг миқдор жиҳатдан камайишига, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишни тартибга солиш бўйича турли қонун ҳужжатлари нормаларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлашнинг имконини беришини инобатга олган ҳолда депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги барча масалалар фракция ва қўмита аъзолари томонидан кўриб чиқилгач бир овоздан маъқулланди ва фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/fractions/31959/

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы