Хизматлар


Республика бўйича жами 116 та санитар тозалаш корхоналари мавжуд. Вилоятлар ва Қорақолпоғистон Республикасида 13 та “Тоза ҳудуд” ДУК бошқармалари, туман ва шаҳар филиаллари, Тошкент шаҳар “Махсустранс” ДУК ҳамда муқобил корхоналар томонидан аҳолига санитар тозалаш хизматлари кўрсатиб келинади.

Жойларда ташкил этилган “Тоза ҳудуд” ДУКларда 7 минг нафарга яқин ходим ҳамда 3 264 та махсус техника фаолият юритади. “Тоза ҳудуд” ва “Махсустранс” ДУКлар тасарруфида 3 179 та чиқинди йиғиш майдончаси ва 10 372 та чиқинди контейнерлари мавжуд.

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида, ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКлари учун махсус техника харид қилиш бўйича” манзилли дастур доирасида 2020 йилда 122,6 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 225 та махсус техникалар харид қилиниши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 134 та махсус техника учун 105,5 млрд. сўмлик маблағлар молиялаштирилиб, жами 78 та махсус техникалар етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги ПҚ–4845-сон “ Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларга давлат-хусусий шерикликни жорий этилади ва бу борада Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида жорий йилда қиймати 32,0 млн. АҚШ долларига тенг бўлган бўлган 16 та, 2021 йил давомида 46 та лойиҳа амалга оширилади, бунинг натижасида 725 та махсус техника, 64 та чиқиндиларни қайта ишлаш, 43 та чиқиндиларни саралаш ускуналари харид қилинади.

Бу эса ўз навбатида, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда санитар хизмат кўрсатиш қамров даражасининг 100 фоизга етказилишига ҳамда 2 650 та янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Санитар тозалаш хизматари учун аҳоли томонидан тўловларни онлайн амалга ошириш тизимини яратилиши мақсадида, Ўзбекистон почтаси, “Uzpaynet” МЧЖ қўшма корхонаси, “National Engineering Technologies” МЧЖ (MBANK – тўлов тизими), PAYME, UPAY ва CLICK билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бугунги кунда, ҳудудларда жами 333 та чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари мавжуд бўлиб, шундан, чиқиндиларни кўмиш жойлари 310 тани, чиқиндиларни утилизация қилиш жойлари 23 тани ташкил этади.

Жумладан:

– қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонлари 235 та;

– заҳарли кимёвий чиқиндиларни кўмиш махсус полигонлари 14 та (шунндан, 1 та полигон Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган маргимуш таркибли чиқиндилар кўмилган жой);

– саноат ва қурилиш чиқиндиларини кўмиш полигонлари 20 та;

– фойдаланиб бўлингандан кейин кўмиб ташланадиган шлам тўплаш жойлари (шламонакопитель) 21 та;

– кул-шлак ташлаш жойлари (фойдали қазилмаларни қазиб олишда ва қайта ишлашда ҳосил бўладиган суюқ ва нам чиқиндиларни сақлаш жойи (хвостохранилища) 15 та;

– радиоактив ва норадиоактив чиқиндиларни кўмиш жойлари 5 та;

– чиқиндиларни утилизация қилиш жойлари 23 та.

Бугунги кунда, 333 та объектдан 320 таси (96 %) бўйича чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш давлат кадастри маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, мазкур объектлар тўлиқ паспортлаштирилган.