Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги модели босқичма-босқич жорий этилади
02.
10. 2020
16:45
5913
Янгиликлар

Бугун АОКАда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев иштирокида брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 сентябрда қабул қилинган «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4845-сон қарори юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Лойиҳани ишлаб чиқишда 7 та вазирлик ва идора мутахассислари иштирок этди (рўйхати 1-иловада). Лойиҳа муҳокамаси юзасидан 8 маротаба учрашув ўтказилди. Лойиҳа юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) орқали 10 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Қарорда қуйидаги чора-тадбирлар таклиф этилмоқда:

1) Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги модели босқичма-босқич жорий этилади.

Бунда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ:
— давлат томонидан:
— маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун тегишли ҳудудлар хусусий шерикка бириктириб берилади;

(2020 йилда республиканинг 6 та вилояти ҳудудида 16 та, 2021 йилда барча ҳудудларда 46 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари орқали ҳудудларни бириктириб бериш режалаштирилган)

— давлат корхоналари ҳисобидаги чиқинди полигонлари чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича технологияларни татбиқ этган ҳолда қўшимча равишда инвестицияларни жалб қилиш шарти билан хусусий шерикка узоқ муддатга фойдаланишга берилади;

— маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникалар хусусий шерикка етти йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган нархларда сотилади ҳамда лойиҳа якуни бўйича тўловлар тўлиқ тўлаб бўлинганидан сўнг уларни тасарруф этиш ҳуқуқи хусусий шерикка ўтказилади;

— хусусий шерик томонидан:

— ўзига бириктириб берилган ҳудудда аҳоли қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олиниши таъминланади;

— давлат-хусусий шериклик битимига мувофиқ инвестициялар амалга оширилади ва санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси ривожлантирилади; (жами 62 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида 2021 йил якунига қадар хусусий шериклар томонидан 89,5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган)

— махсус автотранспорт воситалари ва техникалар ҳаракати ҳамда чиқинди полигонларининг реал вақт режимида давлат шериги томонидан назорат қилиниши имкони яратилади;

— давлат-хусусий шериклик битимида белгиланган муддатларда чиқиндиларни саралаш (қайта ишлаш) технологиялари ўрнатилиб, ишга туширилади;

(ҳозирги кунда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 13,9 фоизни ташкил қилади, қарор лойиҳасига мувофиқ белгиланган тадбирлар амалга оширилиши натижасида қайта ишлаш даражаси 2021 йил якунига қадар 36,5 фоизга етказилиши режалаштирилган)

— қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун жисмоний ва юридик шахслардан тасдиқланган нархларда мажбурий тўловлар йиғилиши ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича давлат шериги томонидан яратилган ягона электрон тизимга уланилиши таъминланади;

 Давлат экология қўмитаси, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қуйидаги вазифалар юкланмоқда:

— аҳолини маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олиш даражасини жорий йил якунига қадар 90 фоизга, 2021 йил якунига қадар 100 фоизга етказиш;

— қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини жорий йил якунига қадар 21,8 фоизга, 2021 йил якунига қадар 36,5 фоизга етказиш;

— маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 2022 йил якунига қадар 50 фоизга етказиш;

2021 йил 1 январдан қуйидагилар белгилаб қўйилмоқда:

— маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига хизмат кўрсатиш учун белгиланган тартибда бириктириб берилган ҳудудларда иккиламчи хом ашёни (металл парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишдан ташқари) қабул қилиш шохобчалари орқали тайёрлаш (сотиб олиш, қабул қилиш) фақат мазкур кластерлар томонидан амалга оширилади (мазкур ҳудудда қайта ишловчи ташкилотларнинг иккиламчи хом ашёни ўзларига тегишли шохобчалар орқали сотиб олиши ёки қабул қилиши бундан мустасно);

— ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари дастлаб нархларни (тарифларни) тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланади;

— маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш жараёнида, шунингдек маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари ва саралаш пунктларидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади;

Қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш ва уларни қайта ишлаш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги талаблар ўрнатилади:

— бинолар ва иншоотлар, шу жумладан йўллар ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ёки бузиш ишларида (кейинги ўринларда – қурилиш ишлари) ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари биринчи навбатда такрорий фойдаланиш, қайта ишлашга ёки утилизация қилишга йўналтирилади;

(2019 йил давомида жами 1,8 млн тонна, шу жумладан Тошкент шаҳрида – 200 минг тонна, Самарқанд вилоятида – 124 минг тонна, Андижон вилоятида – 108 минг тонна қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлган)

— қурилиш ишлари амалга оширилаётган объект жойлашган ҳудудда (туман ёки шаҳар) тегишли қурилиш чиқиндиларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун тегишли технология ва қувватларга эга корхоналар мавжуд бўлмаган тақдирдагина уларни белгиланган тартибда чиқинди полигонларига жойлаштиришга йўл қўйилади;

— қурилиш ишлари бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажмларини ва уларни тўплаш жойларини белгилаш, шунингдек улар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича лойиҳавий ечимлар назарда тутилади;

— янги қуриладиган кўп хонадонли уйлар жойлашиши режалаштирилган турар жой зоналарида маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларига бўлган талаб ўрганилади ва қўшимча талаб этиладиган маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларининг ташкил этилиши қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларида мажбурий тартибда назарда тутилади. Бунда:

— маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини ташкил этишга бўлган талаб мазкур ҳудудга маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган ташкилот билан биргаликда ўрганилади ва қурилиш учун ер участкаларини ажратиш (танлаш) материаллари лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш материалларида назарда тутилади;

— маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари билан таъминланмаган қурилиши тугалланган кўп хонадонли уйларни фойдаланишга рухсат бериш (фойдаланишга қабул қилиш) тақиқланади;

— қурилиш ишларини амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларининг мулкдори бўлган юридик ва жисмоний шахсларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

— қурилиш ишлари олиб борилаётган объектларда ҳосил бўладиган чиқиндиларни сараланган ҳолда тўплаш ва вақтинча сақлаш;

— қурилиш чиқиндиларини уларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлаш билан шуғулланувчи юридик шахсларга топшириш, реализация қилиш ёхуд бу ишларни ўз кучи билан амалга ошириш;

— қурилиш чиқиндилари полигонларга жойлаштириладиган тақдирда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар ёки чиқинди полигонига эга бўлган ташкилотлар билан тегишли шартнома тузиш;

— қурилиш ишлари тугалланган бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) фойдаланишга рухсат бериш (фойдаланишга қабул қилиш) жараёнида қурилиш объектида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ утилизация қилиш ёки қайта ишлашга йўналтирилганлиги ёхуд полигонларга жойлаштирилганлиги ўрганилади;

— қурилиш чиқиндиларини ташиш билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахслар мазкур хизматларни кўрсатишда қурилиш чиқиндиларини утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга топширилганлигини (реализация қилинганлигини) ёхуд чиқинди полигонига жойлаштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши лозим;

2021 йилда манзилли дастурларга мувофиқ қурилиш чиқиндилари учун 22 та полигон қурилиб, тегишли равишда жиҳозланади ва 33 та маиший чиқинди полигонларини жиҳозлаш ишлари амалга оширилади;

— маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш, маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлисга киритилади; (маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш бўйича 2017 йилда 3 144 та, 2018 йилда 5 543 та ва 2019 йилда 13 948 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилиб (2017 йилга нисбатан 4,4 бараварга кўпайган), жами 4,4 млрд сўм миқдорида жарима қўлланилган)

 — 2021 йил 1 январга қадар жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятига эга бўлган Интернетдаги махсус ахборот тизимини яратиш ҳамда ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизими жорий қилинади;

— фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида замонавий талаблар асосида чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда иш билан таъминлаш чоралари кўрилади;

— кадрларга бўлган эҳтиёжлар асосида маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув курслари йўлга қўйилади.

Бунда, 2022 йил 1 январга қадар хусусий ташкилотлар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларининг 50 фоизи Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

II. Лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижалар (2021 йил якунига қадар):

— чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат-хусусий шериклик кенг йўлга қўйилади ва мазкур соҳадаги хусусий сектор улуши 47,3 фоизга етказилади (ҳозирги кунда 11,1 фоиз);

— чиқиндиларни қайта ишловчи инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилади ҳамда утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ривожлантиришга имкон яратилади, натижада қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 36,5 фоизга етказилади (ҳозирги кунда 13,9 фоиз)

— аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан таъминлаш янада яхшиланади ва қамров даражаси 100 фоизга етказилади;

— қурилиш чиқиндиларининг экологик нормативларга мувофиқ утилизация қилиниши, қайта ишланиши ва (ёки) кўмилиши таъминланади;

— ҳосил бўлаётган қурилиш ва маиший чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланишининг олди олинади;

2020 йил 8 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташаббуси билан яна бир бор 15 та вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида видеоконференц алоқа орқали қарор лойиҳасининг якуний муҳокамаси ўтказилди.

Лойиҳанинг қабул қилиниши чиқинди полигонларини қуриш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатларга маҳаллий бюджетлардан жами қўшимча 24,9 млрд сўмни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Манба: https://aoka.uz/article/bcyeikbqvnzw-maishij-...

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар