Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб Биохилмахиллик бўйича Глобал ахборот фонди (GBIF) аъзолигига қабул қилинди
08.
10. 2020
09:47
5482
Янгиликлар

Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари орасида Арманистондан кейин иккинчи бўлиб, Марказий Осиё давлатлари орасида эса биринчи бўлиб, Ўзбекистон GBIF аъзолигига қабул қилинди.

Бу эса ўзбекистонлик соҳа олимлари учун бутун дунё бўйлаб тарқалган 1,5 миллиондан ортиқ биологик турлар бўйича маълумотларни бепул олиш ва илмий тадқиқотлардан расман фойдаланиш, биологик турларнинг турли табиий-географик ва иқлим худудлари бўйича қайд этилган ва GBIF тармоғига жойлаштирилган 500 миллион дан ортиқ қайдномалардан фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, расмий аъзолик, фонднинг маблағлари ҳисобига Ўзбекистонда янги хамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, йирик халқаро анжуманларни ўтказиш, инвестициялар жалб этиш, ҳомий ташкилотлар сафини кенгайтириш, биохилмахилликни тадқиқ этиш борасидаги замонавий тадқиқотларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлашга туртки бўлади.

— GBIF — the Global Biodiversity Information Facility (Биохилмахиллик бўйича Глобал ахборот фонди) га Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши борасида Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти томонидан бундан 4-5 йил муқаддам илк ташаббус кўрсатилган эди, — деди Ботаника институти директори, академик Комил Тожибоев. — Бироқ, ўша пайтда таклиф тегишли давлат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланмади, ўртага ташланган масалага бироз бефарқлик бор эди. Чунки, Ўзбекистон Республикасини халқаро рейтинглардаги ўрни, обрўси тўғрисидаги масалага деярли аҳамият берилмаётганди. Ўзбекистонда табиий флора хилма-хиллигини кенг кўламли тадқиқ этиш, геоахборот тизимига асосланган ҳолда хариталаш, 130 йилдан ортиқ муддат давомида тўпланган бебаҳо миллий ботаник коллекцияларни рақамли форматга ўтказиш, бу борадаги тарқоқ ҳолда қолиб кетаётган маълумотлар массивини ягона электрон платформага ўтказиш борасида кун сайин қулоч ёзиб бораётган тадқиқотлар халқаро даражада иш олиб бориш вақти келганини кўрсатиб турар эди. Шунинг учун, жорий йилнинг 31 январь куни Президентимизнинг илм ва фан вакиллари билан ўтказган навбатдаги учрашуви чоғида бу таклиф яна кун тартибига қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу инфратузилма чегаралардан қатъи назар, интернет орқали дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, маълумотлар базасига кириш имкониятини беради.

Маълумотларнинг умумеътироф этилган стандартларига мувофиқ, нашр этилиши илгари имконсиз бўлган кенг кўламли тадқиқотларни олиб бориш ва сайёрамизнинг биологик ресурсларини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш учун мақбул ечимларни шакллантиради.

GBIF маълумотлар нашр этувчи ташкилотларни (илмий институтлар, университетлар, ботаника боғлари, музейлар ва бошқаларни) бирлаштирган Миллий идоралар томонидан мувофиқлаштирилган тугунлар тармоғи орқали ишлайди. Миллий идоралар бир-бири билан ва GBIF Марказий котибияти билан малака, тажриба ва техник салоҳият алмашиш учун ҳамкорликни йўлга қўяди.

1000 дан ортиқ экспертлар томонидан кўриб чиқилган журнал нашрларида GBIF глобал иқлим ўзгариши, зараркунандалар ва касалликлар, биологик хилма-хилликни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби устувор йўналишлар бўйича тадқиқотлар учун маълумот манбаи сифатида хизмат қилади. Ҳар ойда 20 га яқин ана шундай мақолалар нашр этилади.

GBIFга аъзо кўплаб мамлакатларда ўз фуқаролари ва сиёсатчиларига ўз минтақаларининг биохилма-хиллиги тўғрисида яхшироқ маълумот бериш учун GBIF орқали эркин фойдаланиш мумкин бўлган воситалар, кодлар ва маълумотлардан фойдаланадиган миллий порталлар ҳам мавжуд.

Cоҳиба МУЛЛАЕВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири


«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» 
газеталари таҳририяти»

Манба: https://yuz.uz/news/ozbekiston-markaziy-osiyo-davlatlari-...

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


Фойдали манбалар